biglove

ШОВҚИНЛИ РЕКЛАМА

 

Биз уни транспорт воситалари, турар жой эшиклари ҳамда йўлларнинг қатнов қисмида кўришга одатланиб қолганмиз. Радио ва телевизор дастурлари, газета саҳифаларини эса умуман, усиз тасаввур қилиш қийин. “Телефонингга юклаб ол”, “Синиб қолдингми? Демак оч қолдинг!”, “Нескафе -  учтаси бирда” каби иборалар ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб қолди. Қизиқчиларнинг танқид “тош”лари учун тез-тез нишон вазифасини ўтовчи  рекламалар транспортда ҳаракатланиш ёки уни бекатда кутиш жараёнига мазмунлироқ, қизиқарлироқ тус бериши мумкин. 

Америкаликларнинг “бекинмачоқ” ўйини

 “Реклама, - дейилади Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида” ги қонунида, -  бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборотдир”.

Ишонмаслигингиз мумкин, лекин замонавий инсон бир кун давомида камида 1-2 соат вақтини рекламаларни тинглаш, томоша қилиш ва ўқишга сарфлайди. Бировларнинг моддий даромади эвазига зарар кўрмаяпмизми, деган савол туғилиши табиий.

Ахборотнинг дунёдаги ҳукмронлиги бугун бошлангани йўқ. Бу жараён узоқ ўтмишдан буён давом этиб келмоқда. Биз ахборотнинг нақадар катта кучга эга эканлиги, имкониятлар кўламини англаган ҳолда, ундан манфаатлар йўлида фойдаланиш, уни излаш ва тарқатиш йўлларини такомиллаштириб боряпмиз холос. Реклама ана шу такомиллашган замоннинг ўзига хос ютуғи ва бир вақтнинг ўзида камчилиги десак, хато бўлмайди. Қайсидир ташкилот ёки корхонанинг даромад кўриши, оддий қилиб айтганда, бойиши маънавий қашшоқликни келтириб чиқармаслиги керак.

Бугунги кун рекламалари инсон онгига руҳий таъсир этиш ва уни бошқариш борасида юксак чўққиларни забт этди. Одамнинг кўзи бир сонияда 24та кадрни қабул қилади. 25-кадрни кўз илғаб олишга улгурмаса-да, унинг тасвири онг остида муҳрланиб қолади. “25-кадр” деб номланган ушбу  усул америкаликлар қўллаётган янги технологик воситалалар олдида болаларнинг “бекинмачоқ” ўйинига ўхшайди. Масалан, мусиқа янграётган пайтда экранда бирор ёзув (қайсидир шарбатнинг мазали таъми ҳақида) “сузиб чиқади”. Сиз мусиқа тинглаяпман, деб ўйлайсиз. Лекин аслида бутун диққатингиз рекламада бўлади.

Томоша қил ва амалда синаб кўр

Продакт-плейсмент - маҳсулот ёки хизматлар тўғрисида ахборот берувчи рекламанинг кино ёки бошқа кўнгилочар дастур сюжетига киритилиши оқибатида томошабинларда ана шу маҳсулотга бўлган эҳтиёжнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Рекламанинг инсонни бошқара олиш кучи устида иш олиб бораётган америкалик тадқиқотчилар сюжетига “Кока-кола” ичаётган йигит эпизоди киритилган фильмдан кейин кинотеатр растасидан ушбу ичимликни харид қилганлар сони ҳар доимигига қараганда икки баравар кўпроқ бўлганини кузатишган. 

Яширин реклама (аудиторияни огоҳлантирмаган ҳолда бирор маҳсулотни тарғиб қилиш)дан фойдаланиш кўплаб мамлакатларда, хусусан, бизнинг юртимизда ҳам ман этилган. Бироқ, фильмлардаги кадрлар кетма-кетлиги орасида қайси тасвир айнан яширин реклама эканлигини аниқлаш у қадар осон иш эмас.

Олимлар томонидан ўтказилган кўплаб кузатишлардан сўнг, телевизорда узатилаётган барча дастурлар 8 ёшгача бўлган болалар ҳамда ижодий фаолият билан боғлиқ касб эгаларида бошқаларга нисбатан кучлироқ таассурот қолдириши маълум бўлган. Кун бўйи тўртбурчак “мўжиза” қаршисидан кета олмайдиган болакай ўзи билмаган ҳолда унинг “тарбияси”ни олади.

Одатий кунларнинг бирида ўзгача завқ ва иштиёқ билан тишини тозалаётган 5 яшар жиянимни кўриб, очиғи ажабландим. Негаки, холам уни тиш у ёқда турсин, баъзан қўл ювишга ҳам мажбур қила олмас эди. Ботир(жияним) деярли ҳар сонияда ойнадаги аксига қарар, 18тадан кўп бўлмаган тишларини кўз-кўз қилиб, жилмаяр эди. Кейин билсам, болакай, онаси унга рекламадаги “Colgate” тиш пастасини олиб бергач, ушбу “мураккаб” машғулотни ҳар куни икки маҳал бажаришга рози бўлибди.

Рекламалашган” ҳаёт

 “Чанқоғингга ишон! Ўзинг ҳал қил!”, “Сиз энг яхшисига лойиқсиз”, каби хитоблар жаранги остида моддий тушунчалар маънавий қадриятлардан устунроқ, деган хулосага келиш ортиқча мулоҳазаларни талаб қилмайди. Ҳатто катталар ҳам рекламалардан иборат “гўзал ҳаёт”ни ҳақиқийси билан адаштириб юбориши мумкин. Бугунги кун билан яшаш, “Мен ҳамма нарсага қодирман” тамойилига амал қилишнинг нимаси ёмон, деб ўйларсиз балки. Лекин вақти келиб телевизор экрани, у билан бирга “ранг-баранг олам” ҳам чилпарчин бўлмаслигига ким кафолат беради?

Айрим ҳолларда реклама истеъмолчиларга кундалик ҳаётда умуман эҳтиёж сезилмайдиган маҳсулотларни таклиф этади ва уларни сотиб олишга мажбур қилади. Бунда эстрада юлдузлари, машҳур кишилар, мутахассисларнинг  “тажрибаси” ва маслаҳатларидан фойдаланиш яхши самара беради.

Биз “рекламалашган” турмуш тарзига шу қадар кўникиб қолдикки, ТВ орқали номи янграмаган маҳсулотларга шубҳа билан қарай бошладик. Ўзига хос дид билан ишланган, эътиборни бир қарашда жалб этувчи ранг-баранг рекламалар одамни қувонтиради, кайфиятни кўтаради ва...  ҳаётдаги муаммолар фақат бошдаги қазғоқлар, уйқусизлик ҳамда ҳуснбузарлардан иборат, деган тасаввурни пайдо қилади. Шунинг учун, ҳам Калифорния университети профессори Г. Шиллер рекламани воқеликнинг сохта кўринишига қиёслаган эди.

“Тақ-тақ” ва “хо-хо”дан сақланинг!

Миллий каналларимиз орқали берилаётган рекламаларни кузатар экансиз, ўзингизни дорихона ёки алоқа компанияси идорасида ҳис қилишингиз аниқ. Айрим рекламаларнинг товуши оддий дастурларникига қараганда баландроқ. “Энг сара хитлар энди сенинг мобиль телефонингда!” бақиради экран ортидаги овоз. Шусиз ҳам қўл телефонлари домига илиниб қолаётган ёшлар учун бундай рекламалар айни муддао.

Баъзан ишдан келиб, маънавий хордиқ чиқариш  мақсадида телевизор  пультини қўлингизга оласиз. У ерда эса рингтонлар, хитлар, ўйинлар...  Рекламалардаги айрим “шиор”ларни эшитиб, кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмай, ғалати аҳволга тушасиз. 2007-2008 йиллар телевидениесидаги ҳолатни баҳолар экан, мутахассислар “реклама шовқини” деган атамани тез-тез қўллай бошлагани бежиз эмас.

“Ринза болажон – севимли фарзандингиз учун”. Сизни билмадим-ку, менга бу гап унчалик ёқмади. “Севимли фарзандингиз доим касал бўлсину сиз унга мана шу дорини олиб беринг”, деб тушуниш керакми буни? “Простамол-UNO вақти келди”, “Шамоллаш, грипп... Яна кўп дориларни сотиб олишим керак”. Тез орада рекламалар туфайли шифокорларга эҳтиёж ҳам қолмайди шекилли. Тўғри-да, бел оғриганда,  “Фастум-гель”, бошингиз “ёрилай” деб, “тақ-тақ”, “хо-хо” ва шунга ўхшаш овозлар сизни безовта қилса, “Тримол”, мабодо тумовдан азият чексангиз, яна минг хил дори сизга мунтазир. Фақат... бу дориларни фарзандларингизнинг қўли етмайдиган жойда сақлашни унутманг. Телевизор пультини ҳам, агар имкон топсангиз.

Газеталарнинг бирида ош тузи рекламасига кўзим тушди. “Соғлом маҳсулотлар”, дея қайд қилинган эди саҳифанинг пастки қисмида. Менда озиқ-овқатлар ҳам  вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб туриши керак, деган тасаввур пайдо бўлишига бир баҳя қолди.

Хуллас, реклама бизнинг ҳаётимизга сўроқсиз кириб, уни бир қолипга солиш, дастурлаштиришга хизмат қиляпти. Тўғри, у ҳеч қачон сизни кўчага чиқиб, тўғри келган йўловчини дўппослашга мажбур қила олмайди. Лекин, унда сизнинг бирор маҳсулот ёки хизмат ҳақидаги фикрингизни ўзгартириш қобилияти бор. Биз экрандаги маҳсулот рекламасини кўриб, автоматик равишда уни харид қилишга ошиқамиз. Бу - онгимиздаги “ялқовлик кўрсаткичи” юқорилашиб боряпти, дегани. Мана шу рекламанинг беминнат хизмати туфайли, биз шўрва ўрнига “Роллтон”, чой ўрнига “Кока-кола” истеъмол қиладиган бўлдик.

Хулоса

Уйингизда телевизор бор экан, фарзандларингизни уни кўришдан маҳрум қила олмайсиз. Улар эса катталарни ўзидан кўра ақллироқ, билимлироқ санайди. Ҳамма ишда уларга тақлид қилади. Рекламадаги “Тамом! Кема чўкди”, ибораси бир умрга болажонларнинг миясида муҳрланиб қолиши мумкин. Ҳарфларни энди таниётган мактаб ўқувчилари транспорт воситалари ва кўчалардаги реклама ва эълонларни ҳижжалаб ўқиб, ҳар бир ҳарфга, ҳар бир сўзга беғубор нигоҳлар ва ишонч тўла кўзлар билан қарайди. Бизнинг бурчимиз - мана шу ишончни оқлаш.


 

 

 

 

 

 
biglove

Danger!!!

 

Агар телевидение худди ҳозиргидек ривожланишда давом этса, бугун туғилган бола 18 ёшга тўлгач, энг кўп вақтини уйқуда ва телевизор қаршисида ўтказади”, — деб ёзган эди Энтони Гидденс ўзининг “Социология” асарида. Олимнинг қанчалик ҳақ бўлгани вақт ўтгач маълум бўлади. Умуман олганда, кутишга ҳожат ҳам йўқ, негаки Грабовский кашф этган “қора қути” ўзининг нималарга қодирлигини анча илгарироқ кўрсата бошлади.

Одамлар пульт орқали бошқарилади(ми)?

Телевизор жуда тез фурсатларда хонадонларга кириб борди ва қайсидир маънода инсоният ҳаётининг мазмунига айланди. Ажабланарлиси шундаки, бу қадар катта сонли оммани ўзига оҳанрабодек жалб эта олган бошқа шунга ўхшаш буюмни тарих ҳали ҳеч қайси замонда кўрган эмас. Миллионлар ўйини футбол – фақат шу соҳадан хабардор одамларнигина қизиқтиради, лекин футболчиларнинг орасида телевизор кўрмайдигани деярли учрамаса керак. Тўғри, қачонлардир, китоб ўқиш – аждодларимизнинг севимли машғулотларидан бири бўлган. Лекин, бу машғулот билан ҳамма ёппасига шуғуллана олмас, китоб ўқиш учун савод керак эди. Бугун телевидение орқали узатилаётган енгил-елпи дастурларни кўриш учун эса, аксинча, саводнинг бўлмагани яхши.

   Одамлар кундалик турмушини янгиликлар, сериаллар ва шоуларсиз тасаввур қила олмайдиган, кун тартибини ТВ дастурларига қараб тузадиган бўлиб қолди. Пульт билан бошқариладиган телевизорлар даставвал мўъжизадек кўринди, кейинчалик биз ўтирган жойимиздан бир неча метр узоқликдаги “қути”ни бошқаришга кўникиб ҳам қолдик. Дарвоқе, ким-кимни бошқараётганини аввал аниқлаб олиш керак.

Биргина теледастурлар бирданига театр, музей, саёҳат ва мутолаанинг ўрнини тўлдиргандек бўляпти. Ҳеч кимга маълум бўлмаган ахборотлар, маданий хордиқ чиқаришга ёрдам берадиган дастурларнинг айнан телевизор орқали узатилаётганини ҳеч ким инкор қилмайди, бироқ, экран ортидан дунёни танир эканмиз, биз мустақил изланиш ва фикр юритиш қобилиятидан аста-секинлик билан маҳрум бўлиб борамиз. Санъатга, гўзалликка бўлган эҳтиёж ва бу тушунчаларнинг асл моҳияти йўқолиб кетади. Аниқроқ айтадиган бўлсам, авваллари аёлларнинг ҳаёси уларнинг гўзаллигидан дарак берар эди. Бугун беҳаёлик – латофат белгисига айланди ва бу ҳолат бизни сира ҳам ташвишга солаётгани йўқ. Телевизор қаршисида улғаяётган ёшларимизнинг ватанга, ҳаётга, ота-онасига нисбатан муносабати ҳам аввалгидек эмас.

Қотилликдан тайёрланган “нонушта”

Йилдан йилга кўпайиб бораётган суицид – ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг асл гуноҳкорлари жазога тортилганида эди, аксарият суд залларида айбланувчи сифатида телевизорларни кўрган бўлардик. Иложсиз вазиятга тушиб қолган фильм қаҳрамони ўз чаккасига тўппонча тирайди ва унинг “осонгина ўлим”и гўёки ҳаммасига чек қўяди. Деярли барча ўсмирлар ўзлари севган қаҳрамонларга тақлид қилади, ҳаттоки, иложсиз вазиятларда ҳам...

“Агар муаммоларингиз кўпайиб кетиб, тушкунликка тушиб қолган бўлсангиз, тонгги хабарларни томоша қилмаганингиз маъқул”,  - маслаҳат беради хориж руҳшунослари. Дарҳақиқат, кўпроқ аудиторияни жалб қилиш ҳамда рейтингини ошириш мақсадида кўплаб хорижий телеканаллар ўз томошабинларини тонг-саҳардан сув тошқинлари, ёнғинлар ва қотилликлардан тайёрланган “нонушта” билан сийлайди. “Катта дунёдаги кичкина кўнгилсизликлар”дан воқиф бўлган аҳоли кун бўйи уларнинг таъсирида юрганидан кейин, қарабсизки, тушкунликкача бор-йўғи тўрт қадам қолади!

Олимларнинг аниқлашича, (буни аниқлаш ҳам шарт эмас, назаримда) экран ортида бўлаётган воқеалар одамларнинг руҳиятига таъсир этар экан. Масалан, навбатдаги фантастик фильмни томоша қилиб бўлгач, ташқаридаги шовқиндан “Ўзга сайёраликлар келган бўлса-я!” деган фикрга келишингиз ва буни одатий ҳолдек қабул қилишингиз мумкин. Ялмоғиз кампирнинг борлигига ишонадиган 5 ёшли бола эса, бундай фильмни кўриб, ҳар куни ухлашдан олдин каравоти остига мўралайдиган бўлиб қолиши таббиий. Афсуски, кўп ота-оналар фарзандлари телевизордан қандай дастурларни қанча муддат давомида томоша қилишига деярли эътибор бермайди.

“Тилбузар” ёхуд сиз билган телевизор

Ахборот асри фарзандлари биз билган “беркинмачоқ”, “қувлашмачоқ”, “лафта” ўйинлари ҳақида эшитмаган ҳам ҳатто. Улар лойдан уй ясаш ёки дарахт ортига беркинган дўстини топишдан кўра “уруш-уруш” ўйнашни афзал кўради. Ўйинчоқлари ҳам шунга яраша: ваҳимали. Кўча-кўйда автомат кўтариб олиб, “пақ-пақ!”, “отаман!”, “ўлдинг!” деб бақириб  юрган болаларни кўриб қолсангиз - ҳайрон бўлманг, улар шунчаки ўйнаяпти. Ўйинларнинг бу қадар “даҳшатли” кўринишга эга бўлишида ТВ билан бирга компьютер ўйинларининг ҳам хиссаси бор. Ажабланарли ҳеч нарса йўқ. Телевизор ота-онаси кун бўйи ишда бўладиган болакайларнинг асосий ва энг севимли овунчоғига айланиб қолади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Гарвард университети олимлари 18 ёшга тўлгунча, бола телеэкран орқали 180 мингдан ортиқ  зўравонлик саҳналарига гувоҳ бўлишини аниқлади.  Улардан 80 мингтаси — қотиллик. Оддийгина реклама бола организмида салбий ўзагришларни юзага келтириши мумкин экан. Британия олимларининг тадқиқотларига кўра, бир йил мобайнида “дастурлар орасидаги танаффуслар”ни мунтазам томоша қилиб борган олти ёшли болалар қўшиш, айириш, ўқиш  каби бошланғич мактаб амалларини ўзлаштиришда телевизор кўрмайдиган тенгдошларидан 15% га орқада қолар экан. Бундан ташқари, рекламалар миллий урф-одатларимиз, тилимиз учун яхшигина хавф туғдирмоқда. Рекламалардаги “ҳаммаси ноль”, “... телефонингга юклаб ол”, “синиб қолдингми” каби хитоблар ёшларнинг шусиз ҳам “неологизм”ларга бой бўлган луғатидан янада “бойитиш”га хизмат қилаётганини уларнинг гап-сўзларидан англаб олиш қийин эмас. 

Кўп вақтини ТВ кўришга сарфлайдиган бола тенгдошлари уни тушунмаётганлигидан азият чекади. Чунки унинг дунёқараши мультфильм ва кино қаҳрамонларининг бошидан кечирганлари асосида шаклланади. Афсуски, бугун улар реалликдан узоқлашиб кетган. Телевизорда акс этадиган ҳаёт аслича эмас, баъзан жуда қора, баъзан эса ҳаддан ташқари оқ рангларда тасвирланиши ҳеч ким учун янгилик эмас.

Фақатгина томоша қилиш эмас, хонадонда телевизорнинг тез-тез “сўзлаб” туриши боладаги ақлий қобилиятларни сусайтириши маълум бўлди. Ота-она вақтини ойнаи жаҳон қаршисида ўтказар экан, фарзанди билан кам мулоқотда бўлади ва унинг кўп саволларини жавобсиз қолдиради. Бу боланинг нутқи яхши ривожланмай қолиши, мактабдаги фанларни ўзлаштиришда муаммолар юзага келишига олиб келади.

Миллий телеканалларимиз орқали қотиллик саҳналари ва беҳаёлик ҳали у даражада кучли “тарғиб” қилинмайди. Муаммо шундаки, томошабинларимиз бугунги кунда берилаётган аксарияти шунчаки  умумий, “биз билган” гаплардан иборат кўрсатувлардан зерикиб, пуллик бўлса ҳам, кабель орқали Россия  телеканалларини кўра бошлади. Оқибатда, ҳатто Россиянинг ўзида ҳам ёшлар тарбияси учун жуда хавфли деб топилиб, қаттиқ танқид остига олинган “Дом-2” ва шунга ўхшаш реалити-шоулар бизнинг ҳаётимиз  билан аралашиб кетяпти. Ахлоқсизлиги туфайли “машҳур” бўлган шоу қаҳрамонлари ёшларимизга “қандай яшаш керак”лигини ўргатяпти. Ваҳоланки, бизда яхши кўрсатув ёки фильм тайёрлаш учун ҳамма имкониятлар бор.


 

biglove

БИЗ ҲАМ ЭПЛАЙЛИК ЭНДИ!

 

 

Журналистиканинг имкониятлари чексиз. Унинг одамларни хабардор қилиш, ёки маълум бир партия номини кўкларга кўтариш вазифаси “урфдан чиқиб” қолганига анча бўлди. Ривожланган мамлакатларда журналистика дастлаб инглиз давлат арбоби Эдмунд Берк истеъмолга киритган “тўртинчи ҳокимият” даражасидан ҳам юқорироқ поғоналарни забт этмоқда. Эплаганлар бу кўп қиррали фаолият тури ёрдамида ўз мамлакатини дунёга танитяпти, миллионлаб одамлар мана шу эплаганлар “дўмбираси” садолари остида “рақсга тушяпти”. Эплай олмаганлар эса, ҳанузгача олтин балиқча ҳақидаги Пушкин эртаги қаҳрамони – ношукр кампир сингари “эски ямоқ тоғора”да “кир ювиш”га мажбур. Афсуски, Ўзбекистон журналистлари “эплаганлар” сафида эмас. Савол туғилиши табиий: журналистикадан фақат тарғибот ва “Бағдодда ҳаммаёқ тинч” форматидаги хабарларни тарқатиш воситаси сифатида фойдаланаётган “қасиданавис”лар, ҳамма мақолада камида бир бор тилга олинадиган “юртимиз истиқболи”ни кўзлаётган бўлса, нега Ўзбекистон чегарасининг нариги тарафида мамлакатимиз ҳақида ҳамма ўз билганича эртак тўқиб ётибди? Қайсидир радиоканал ғийбатчи, яна қайсидир сайтнинг тарқатаётган ахборотлари бориб турган туҳматдир балки, лекин буни 27 миллион аҳолига тушунтира оласизми? Қандай қилиб тушутирасиз? Албатта ОАВ орқали. Ахборотга қарши ахборот, ҳужумга яраша ҳимоя бўлмаса, гол фақат бир дарвозага урилаверади. “Кўзим кўр, қулоғим кар”, “оч қорним, тинч қулоғим” деган шиорлар журналистларимизнинг ҳаётий принципини ифодалар экан, ташқаридан отилаётган ўқлар нишонга тегишда давом этади. Техник имкониятларнинг етишмаслиги ОАВни “оёғи”дан чалиб, сўз эркинлиги амалда эмас, қайсидир қонуннинг қайсидир моддасида қоладиган бўлса, журналистикамизда бирор янгиланиш вужудга келишидан умид йўқ.

Айни пайтда юртимиздаги халқаро журналистлар фаолияти таржимонлик - халқаро мавзудаги материалларни хорижий манбалардан олиб, таржима қилиш билан чекланмоқда. Аксарият ҳолларда, бу материаллар бир йилда 100 кг вазн ташлаган аёл, кучугига улкан миқдорда мерос қолдирган “ғамхўр” миллионер, жуда бўлмаганда, дунёнинг қайсидир бурчагида содир бўлган автоҳалокат тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади. Одамлар онгини кераксиз маълумотлар билан тўлдириб, керакли ахборотга “жой” қолдирмайди. Аудиторияда керакли ва кераксиз ахборотни фарқлаб олиш кўникмаси, иммунитети шаклланмагани шундан.

Мамлакатимизда журналистика соҳаси ҳеч “куртак ёзиш”дан нарига ўтмаётганининг сабабларидан бири бевосита ХЖ факультетида ўқиётган талабаларнинг мақсадлари билан боғлиқ.  “Нега ХЖ факультетига киргансиз?” 1-4 босқич талабалари ўртасида ўтказилган сўровномада иштирок этганларнинг 1,1 фоизи бу саволгаНоми чиройли жаранглагани учун” деб жавоб берган. Нима ҳам деймиз, бу талабаларга фақат ҳамдардлик билдириш мумкин. Жаннат Муқимий кўчасида жойлашмагани аниқ. Манзилни нотўғри танлабсиз. “ХАЛҚАРО ЖУРНАЛИСТИКАда ўқийман” деган гапни айтиш учунгина бизнинг факультетга кириш - ахмоқликдан бошқа нарса эмас(кечирасиз, бу сўзнинг бошқа юмшоқроқ вариантини топа олмадим).

Сўровнома иштирокчиларининг 3,3 фоизи “осон бўлгани учун” ХЖФни танлаган. Қизиқ, талабалар “осон” деганда, нимани назарда тутди экан? Факультетга киришними, унда ўқишними ёки халқаро журналистика касбиними? Агар “кириш” осон бўлса, қайси маънода? Балки, “осон” эмас, “арзон” демоқчи бўлишгандир а? Ажаб эмаски, бу саволларга сўровноманинг кейинги бандлари аниқлик киритса.

8,8 фоиз талаба нега ХЖФга киргансиз деган саволга “яқинларимнинг маслаҳати билан” дея жавоб берган. Яна худди шунча талаба таниш-билиши бўлгани учун шу факультетга кирганини билдирган. О, аниқлик киритди-ку! Юқоридаги “осон”нинг изоҳи бу ёқда экан: таниш-билиш ва пул. Мана шу икки сўз сеҳрли “очил, сим-сим” иборасининг синонимига айланиб қолди, гўё. Бу сўзлар ёрдамида дунёдаги ҳамма эшикларни очиб ташлаш мумкин. Санъат саноатга айланди. Пул, таниш ва фонограмма ёрдамида ҳофизлар қолиб, уларнинг продюссерлари қўшиқ айта бошлади. Лекин, шундай вазиятлар ҳам борки, Билл Гейтснинг жияни ёки Миср фиръавнининг чевараси бўлишингиз сизга бир чақалик фойда келтирмайди. Масалан, футболда сизнинг кимлигингиз эмас, қандай ўйнашингиз муҳим. Журналистикада ҳам худди шундай. Биров сизнинг ўрнингизга ижод қилмайди. Фонограмма ёрдамида мақола ёзган, ёки репортаж суратга олган одамни ҳали учратганим йўқ. Умид қиламанки, учратмайман ҳам. Сиз эса “таниш-билиш”ли талабалар, ҳар эҳтимолга қарши, ўша “таниш-билиш”лар билан муомалани соз қилинг. Ўзингиз қизиқмаган соҳада 4 йил ўқиб, диплом олганингиздан кейин, бирор ишга жойлашишингиз керак-ку!

Талабаларнинг 25,2 фоизи тил ўрганиш учун ХЖФга ҳужжат топширган экан. Бироқ, тил ўрганиш учун ЎзДЖТУнинг бошқа факультетлари бор-ку! Бошқа университетларнинг ўнлаб факультетлари! Қолаверса, тил ўргатувчи марказлар ҳар “икки қадам”да учрайди. Бунинг учун халқаро журналистикага кириш, мутахассислиги бўйича фаолият юритмайдиган битирувчилар сафини яна биттага кўпайтириш ҳеч ҳам шарт эмасди...

“Журналист бўлиш учун” вариантини белгилаган талабалар 52,2 фоизни ташкил этди. “Ҳақиқат бор экан-ку!”, деб қувонишга жуда эрта. 52,2 фоизнинг қайсидир қисми биринчи, қайсидир қисми иккинчи босқич талабаларидан иборат. 3-4 босқичларга келиб, уларнинг фикри ўзгармаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Ёки берадими?

 

biglove

(no subject)

 

БИЗ РОБОТМИЗМИ?

Аввалига бутун дунё зиёлилари, ҳур фикрли кишилар  ахборот эркинлиги учун курашди. Кейинчалик, унинг кучидан турли ижтимоий-сиёсий мақсадларда фойдалана бошлади. Бугун эса, бутун башарият ахборотнинг ҳаддан ортиқ кўпайиб кетганидан азият чекмоқда. қуролсиз эгаллаб олиш кучига эга бўлган ахборотнинг сўнгги ва энг мукаммал шакли, шубҳасиз, Интернетдир.

Қопқондаги пишлоқ

Қачонлардир ғорлардаги тасвирлар кўринишидаги мулоқот билан чекланган одамзот бугун ўз кашфиёти олдида ожиз қолди. “Инсоният онги ва тафаккурининг кучи билан  шу кунгача кашф этиб келинган барча нарсалар – самолёт, телевизор, борингки, роботлар ҳам фантастик асарларда, хаёлпараст олимларнинг тасаввурларида учар гилам, ойнаи жаҳон ёки темир одамлар сифатида намоён бўлган. Аммо компьютер кашф этилгач, жаҳон саҳнасини аллақандай ҳавотирли сукунат қамраб олди. Энг буюк олимларнинг тадқиқотлари, қисқа ахборотлар, ҳаётимиз акс этган суратлар, орзу-интилишларимиз   – ҳамма-ҳаммасини мана шу темир қути ичига жойлаштириш мумкин. ҳатто, баъзи олимлар томонидан башорат қилинган техниканинг инсоният устидан ҳукмронлик қилиш даври етиб келдимикан, деган ҳаёлга бораман”, - дейди психолог Феруза Алимова, ўз ҳайратини яшира олмай.

Интернет дастлаб илмий-изланиш ва ҳарбий мақсадларда яратилган эди. Бугунги кунга келиб, у инсоният учун ҳали салбий ва ижобий томонлари тўлиқ ўрганилмаган, сир-синоатларга бой, чек-чегарасиз ахборот манбаига айланиб қолди. Ваҳоланки, интернет – уч бошли аждар эмас, инсониятнинг яна бир ихтироси, холос. Унинг ҳаётимизга кириб келиши, кундалик турмушимизни, қарашларимизни ўзгартириши ғалати.

Интернетнинг салбий ва ижобий хусусиятлари тўғрисида бахс юритувчилар иккита катта гуруҳга бўлиниб, ўз фикрининг тасди²и учун қанчалик кўп далил келтирмасин, бу ҳақда аниқ бир фикрни айтиш қийин. Одамлар ушбу электрон ОАВдан қандай мақсадда фойдаланяпти? Ҳамма муаммо шунда.

“Ўргимчак тўри”ни фақат ахборот манбаи сифатида биладиган катта авлод учун бу гаплар муболағадек кўриниши мумкин. Бироқ, чат орқали ўзига хос тарзда саломлашиш мақсадида ҳосил қилинган “слм”, “сава”, “калейка” сўзлари билан лексиконимизни “бойитаётган”, “а” ҳарфи ўрнига @ белгисидан фойдаланишни афзал биладиган тенгдошларим кундан-кунга кўпайиб бораётгани муболаға эмас.

Дераза токчасидан тушиб, ўрмонга отланган жаҳонгашта бўғирсоқ ҳақидаги эртак ёдингиздами? Ўз мақсадини яширмасдан “Мен сени ейман” деб қўя қолган қуён, айиқ ва бўрини “тушлик”сиз қолдирди-ю, тулкининг ҳийла ишлатганини сезмади ҳам, бечора! Фақат бўғирсоқларнинг эмас, инсонларнинг ҳам табиати шундай: улар кўпинча пишлоқни кўради, унинг остидаги қопқонга эса эътибор бермайди. 

Ёлғон гапиришингиз мумкин!

Инглиз тилидан таржима қилинганда, “chat” мазмунсиз гаплар деган маънони англатади.  Вақтини чатларда ўтказаётган одамларнинг асосий машғулотини ана шундай гапларни “муҳокама” қилиш ташкил этади.

Интернетга “ўргимчак тўри” деб ном берилганининг асл сабаби нимада, билмадиму, лекин, бу тўрга илинган “пашша”ларнинг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ачинарлиси, интернетдан фойдаланувчиларнинг  асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Ундан ҳам ачинарлироқ томони эса, интернет домига тушиб қолганларнинг вақти чатларда қизлар билан танишиш, йигитларни “авраш”, дўстлар билан чақчақлашиш каби “юмушлар”га сарф бўляпти. Сабаб сифатида одамларнинг реал ҳаётда мулоқотга кириша олмаслиги, бўш вақтнинг кўплиги ёки шунчаки бироз кўнгилхушлик қилиш истагини кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, чат орқали суҳбатлашишнинг ўзига хос афзалликлари ҳам бор.

Чатда истаган одам билан истаган вақтда истаганча суҳбатлашиш мумкин. Яъни, мулоқот давомийлигини сиз белгилайсиз. Агар суҳбат сизни қизиқтирмаса, суҳбатдошингиз билан мулоқотни тўхтатиш мумкин.

Чатларда фойдаланувчилар учун реал мулоқотни яратиш ва шу орқали мижозлар сонини ошириш мақсадида ташкил этилган ҳиссиётларни ифодаловчи белгилар, смайликлар (улар сизнинг кулаётганлигингиз ёки йи²лаётганлигингиз, умуман, бирор гапга нисбатан муносабатингиз ҳақида суҳбатдошингизга ахборот бериб туради)нинг борлиги айниқса, болалар ва ўсмирларни бефарқ қолдирмайди.

Чатдаги суҳбатдошингизга ҳақиқатни гапириш шарт эмас. Юзма-юз ёки телефон орқали суҳбатлашганда, сўзларингизнинг ёлғонлиги овозингиз ёки юзингиздаги ўзгаришларда намоён бўлиши мумкин, лекин, мулоқот клавиатура ва экранда бирин-кетин пайдо бўладиган сатрлар орқали амалга оширилар экан, ҳеч ким “ижод қилишингиз”га тўсқинлик қила олмайди.

Интернет орқали суҳбатлашар экансиз, муносабатлар шунчаки бир ўйин кўринишида бўлади. Биз билган ҳақиқий муносабатларга умуман ўўхшамайди. Бу қандай суҳбат бўлдики, сичқончанинг биргина ҳаракати билан уни якунлаш мумкин бўлса!?

Хорижда, хусусан, Россияда одамларни интернетдан даволовчи илк клиникалар иш бошлади. Америкада эса руҳий қарамликдан даволовчи шифохоналар 1996 йиллардаёқ пайдо бўлган.

Интернетга муккасидан кетишнинг дастлабки белгилари:

  • узоқ вақт тармоқ ичида бўлиш;
  • Интернетдан ҳеч қандай мақсадсиз фойдаланиш;
  • Виртуал олам туфайли бошқа қизиқишлардан воз кечиш;
  • Интернетдан фойдалана олмаган ҳолатларда кайфиятнинг тушиши, жаҳлдорлик каби ҳолатларнинг кузатилиши.

 - Агар фарзандингиз кунига 5 соатдан ортиқ вақтини Интернетда ўтказаётган бўлса, демак, ҳавотир олишга етарли асос бор. Шунингдек, тармоқнинг ашаддий мухлисларида реал дунёда ўзини ноқулай ҳис қилиш, Интернетда қанча вақт бўлганини яширишга уриниш, шу билан бирга ёл²он гапиришга бўлган мойилликнинг ортиши ва реал ҳаётдаги сустлик кузатилади.

Интернетдан нима мақсадда фойдаланиш инсонларнинг табиати, уларни ўраб турган муҳитга ҳам бо²лиқ. Тез асабийлашадиган, ҳиссиётларга берилувчан одамлар турли “отишмали ўйинлар”га қизиқиб, ўз ғазабларини шу йўл орқали қондиради. Бундай одамларнинг хатти-ҳаракатида юқори даражадаги агрессивлик ва таҳликага тушиш кузатилади. ўйинларни аслида, сотувга чиқаришдан аввал, психологик экспертизадан ўтказиш лозим.

Интернетга қарши курашиш – деярли иложсиз нарса. Чунки, ҳаётини бу тармоқсиз тасаввур қила оладиган одамларни топиш жуда қийин. Айниқса, болаларни ва ўсмирларни улар ўрганиб қолган интернетдан маҳрум қилиш, симларни узиб ташлаш ёки компьютерга пароль ўрнатиш – муаммонинг у қадар доно ечими эмас. Авваламбор, ота-оналар фарзандига бўлган муносабатини ўзгартириши ва айбни дастлаб ўзидан излаб кўриши лозим, -  маслаҳат беради психолог, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети ўқитувчиси Муяссар Аҳмедова.

Статистика маълумотларига кўра, Жанубий Кореяда интернетдан меъёридан ортиқ даражада фойдаланадиган мактаб ўқувчилари 40% ни ташкил этади. 15% ўқувчига эса бемалол “Интернет касали” деган ташхисни қўявериш мумкин. Хитойда ҳам кўрсаткичлар деярли шундай рақамларни ташкил этади. Афсуски, бу антиқа касалликни даволайдиган мутахассислар жуда кам. ҳеч қандай бо²ич ва вакциналар эса компьютер мониторига тобора чуқурроқ кириб бораётган болакайларга ёрдам бера олмайди.

Интернет - жуда арзон ва қулай ахборот манбаи. Мобил алоқа воситалари орқали ҳам Интернетга ортиқча қийинчиликсиз уланиш мумкин. Техника кундан-кунга ривожланиб боряпти, ахир! Курсига эмаклаб чиқадиган жажжи болакайлар ҳам худди биз каби ахборот воситасидан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга. ҳамма масъулият ота-онанинг елкасида, чунки, ярим ялан²оч “хола”лар, зўравон “амаки”лар ва яна бошқа ҳар хил тушунарсиз тасвирлар кўпгина сайтларнинг кўркига кўрк ба²ишлаб туради.

 

Интернетга меҳр қўйманг

Интернетга қарам бўлиб қолган, чат ва танишув сайтлари умрининг мазмунига айланган ёшларнинг бу ҳақда ўз фикрлари бор.   

Латиф Маматов, 25 ёш:

- Чат шундай нарсаки, унга дастлаб шунчаки, қизиқиш туфайли кирасиз. Иккинчи гал нега кирганингизни аниқ айта олмайсиз, лекин сизни қизиқишдан кучлироқ ҳисиёт бошқаради. Учинчи марта, сиз таниш одамлар билан суҳбатлашиш учун “бирровга” киргандек бўласиз. Тўртинчи марта, сизни чатда мулоқот қилишга бўлган эҳтиёж бошқаради. Бешинчи гал ўзингизни ёлғиз сезиб, одатий ҳаётдан зерика бошлайсиз, иш озгина кутиб турар, бироз дам олиш керак, деб ўйлайсиз. Олтинчи гал ўз қилмишингизни тушунтириб бера олмайсиз ҳам. Охир-оқибат сиз шу ерда – чатда яшай бошлайсиз.

Сабина Очилова, 15 ёш:

 - ҳамма чатларда қизиқарли одамлар бўлади. улар билан танишиш, фикрларини билишнинг ўзига яраша завқи бор.  Чатда ўзингизни сиз истаган қиёфада кўрсатишингиз мумкин. Турган гапки, ҳамсуҳбатингиздан камчиликларингизни яшириб, ўзингизни нақд қаҳрамондек ҳис қиласиз. Электрон суҳбатлар маконига кимдир шунчаки вақт ўтказиш учун, кимлардир ҳақиқатдан ҳам у ердаги одамлар билан мулоқот қилишни ёқтиргани учун киради.

Юлдуз Ражабова, 27 ёш:

 - Дунёда техник воситалар кўпайгани сари, жонли мулоқотга эҳтиёж камайиб боради. Телефон, чат каби тезкор ахборот юбориш усуллари бўлганидан кейин, бошқа нарсаларга ортиқча куч ва вақт сарфлашнинг нима ҳожати бор? Лекин чин маънодаги инсоний мулоқот, юзма-юз гаплашиш инсонлар орасидаги самимият, ишонч ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди. Унда сиз қисқа ва тушунарсиз сўзлар, смайликлар ва клавиатура ёрдамида эмас, кўз қарашлари, ишоралар, юз ифодаси ва охир-оқибат ҳамсуҳбатингизнинг майин овози орқали мулоқотга киришасиз.

Интернет билан дўст тутинган инсонда ўз-ўзидан атрофидаги инсонлар билан мулоқот қилишга бўлган эҳтиёж камаяди. У ўзини кучли ва гўзал, ҳамма нарсага қодирдек ҳис қилади. Виртуал оламнинг деворлари ортида ҳеч ким уни ёмон баҳолари учун урушмайди, бузилган жўмракни тузатишга мажбур қилмайди. Интернет, гўёки, уни ташқи дунёдан ҳимоя қилувчи қобиқ вазифасини бажаради.

Кундалик ҳаётидан зериккан, ўз имкониятларига шубҳа билан қарайдиган, виртуал мулоқотни реал мулоқотдан устун деб билувчи одамларгина танишув сайтлари ва чатларнинг доимий меҳмонларига айланиб қолади.

 - Ишдан қайтганимда, ўғлимни боши билан компьютер ичига “шўнғиб” кетган ҳолда кўришга одатланиб қолдим. “Ўқишларинг яхшими?”, деган саволимга у “Ҳа” маъносида бош ирғайди, холос. Унинг соатлаб интернетда нима қилишини, тўғриси, тушунмайман ҳам. Бир нарсани аниқ биламанки, ўғлимнинг “Реферат тайёрлашим керак”, “5 дақиқа холос”, “Зарур ишим бор” деган гаплари шунчаки баҳона. Ҳайронман, фарзандимни тарбия қилишда қандай хатога йўл қўйдим? – деди Насиба Сафарова.  

Интернет тадқиқотлар учун манба тўплаш ва ахборот олишнинг энг қулай ва тезкор воситаси. Шунга қарамасдан, унинг чал²итувчи воситалари шу қадар кўпки, дарс учун материал тайёрлаш мақсадида Интернетга уланган талабаларда ўз мавзусига тегишли бўлмаган сайтларда бўлиш, чат ва турли ўйинларга соатлаб вақтини сарфлаш кузатилади. Кейинчалик, улар Интернетга “ба²ишлаган” бедор кечалари туфайли дарсларни яхши ўзлаштира олмаслик, имтиҳонларни яхши топшира олмаслик каби муаммоларга дуч келади. Интернет тўрига илинган одам ўзини назорат қила олмайдиган бўлиб қолади.

Хорижда интернетга муккасидан кетиш никоҳлар, оилавий муносабатлар ва яқин дўстликнинг бузилишига олиб келган ҳолатлар кўп учрайди. Яқин кишиларига нисбатан Интернетга кўпроқ  вақт сарфлайдиган одамлар ҳам. Кир ювиш, дўкондан нон харид қилиш, уй йи²иштириш каби юмушлардан қочиб, ўзини интернетнинг панасига оладиганлар бор ҳатто.  Масалан, америкалик бир аёл кун бўйи Интернет билан банд бўлиб, дарслари аллақачон тугаган фарзандини мактабдан олишни  унутиб қўйган.

Темир қути ичидаги “махлуқ” бизни яқин инсонларимиз, ота-онамиз, дўстларимизга беришимиз мумкин бўлган меҳрдан айираётгани даҳшат.

 

biglove

(no subject)

 

 

Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди деган мақол бор. Бугун ҳақиқат шу қадар эгилдики, синмаслигига ишониш қийин. Шу маънодаки, одамлар ҳақиқатни пулда, бойликда, беш қаватли “участка”ларда кўряпти. Ёшларнинг ҳаёлида, қулоғига “наушник” тақиб, “Dolce & Gabbana” брэнди туширилган Хитой футболкасини кийдими, бўлди... Тўғриси, буни ўз кўзингиз билан кўрмасангиз, мен таърифлашга ожизман.

  Ким ёки нима қизларни “ишкал”, “такой” бўлишга мажбур қиляпти? Ҳали ўн йил олдин, катта авлод шим кийган қизларни кўриб қолса, “Э, тарбия берган ўша ота-онангни...” деб танбеҳ берар эди. Кулгили, шундай эмасми? Йиғлаш керак аслида. Минг-минглаб ўзбек қизларининг топталган ғурурига аза тутиб йиғлаш... Бунчалик эмас-да, энди, глобаллашувнинг ҳам охири бордир!? Момо Ҳавво Одам Атони йўлдан уриб, тақиқланган мевани ейишга мажбур қилган эди. Одамзот жаннатдан қувилди. Энди унинг ҳаётида бахтли онлардан кўра, қайғули дамлар кўпроқ. 

Жинси шим кийиб, Кола ичиб юрган одам ҳеч қачон америкалик бўлиб қолмайди. Инглиз тилида Барак Обамадан ҳам яхшироқ гапирган тақдирда ҳам. Америкаликлар ҳеч қачон уни миллатдоши сифатида қабул қилмайди. Чунки миллатини  Франклиннинг акси туширилган қоғозга  “сотган” одамдан яхшилик чиқмаслигини улар яхши билади. Нега ёшларимиз хорижга ошиқади? Кореяга, масалан. Нима, Ўзбекистоннинг ўзида “Корея” яратиб бўлмайдими? Ҳа, дарвоқе, инсонга хос бўлган яна бир хусусият - оғирнинг устидан, енгилнинг тагидан ўтиш эди-ку! Ортиқча ҳаракатнинг нима кераги бор? Жонибек бўлса, исмини ўзгартириб “Жон”га айланади-да, Green Card билан Америкага жўнайди. Ота-онаси яхши ният билан, қулоғига азон айттириб қўйган исмини ҳеч қандай маъносиз ҳарфлар йиғиндисига алмаштириш қийин эканми! Жирафанинг боласи, туғилаётган пайтида камида икки метр баландликдан ерга тушади. Аммо, у жирафалигини ҳеч қачон унутиб қўймайди.

Пул бўлса, чангалда шўрва. Бунинг иккита ноқулай томони бор: биринчидан, шўрва иссиқ бўлса қўлингиз куяди, ёғли бўлса, кир бўлади. Ўғирликни ҳам инсоф билан қилиш керак. Ҳарфлаб айтаман : И-Н-С-О-Ф. Одамлар орасида камдан – кам учраётгани учун, баъзилар бу сўзни ўқишга қийналиши мумкин.

  “Бошқаларда ўзингни кўриб, нафақат ўзингни яхши кўришинг, балки жула ёмон кўриб қолишинг ҳам мумкин.” Ушбу сўзлар Георг Лихтенбергга тегишли. Сизда ҳам шундай бўладими, кимнингдир суҳбатини эшитиб, ғашингиз келади, “Одам ҳам шунчалик бўладими?”, деб ўйлайсиз. Одам бундан ҳам баттар бўлади. Ҳеч ўйламаганмисиз, балки, бошқалар ҳам Сиз ҳақингизда шундай фикрдадир?

  • Current Mood
    hopeful hopeful

Кутаверамиз...

Баҳслашиш кўпчиликнинг қўлидан келади, оддийгина суҳбатлашишни эса камдан-кам киши уддалайди. 
А. Олкотт
Фараз қилинг, бирор киши билан муҳим мавзуда суҳбатлашяпсиз ва шу пайт... қўл телефонингиз жиринглаб қолди. Начора, суҳбатдошингизни бироз куттиришга тўғри келади. Таниш ҳолат шундай эмасми? Ҳайратланарлиси, ёнингизда турган одамдан кўра, “телефондаги” одам билан гаплашиш қизиқроқдек кўринади. Ҳар ҳолда, “сотка”нгиз жиринглаганда, севимли мусиқангиз янграйди, бир неча сонияга атрофдагиларнинг эътиборини жалб қиласиз.
Бир неча йил илгари биз корейс сериалларининг қаҳрамонларига ҳавас қилар эдик, улар қўл телефони орқали суҳбатлашгани учун. Бугун ушбу “сирли” буюм боғча болаларида ҳам бор. Аммо, одамлар ҳанузгача ҳайратда. Шу даражадаки, икки дугона кўришганида, дастлаб “Аҳволларинг яхшими?” деб эмас, “Телефонингда қандай қўшиқлар бор?” деб сўрайди. Кўча-кўйда, транспорт воситаларида ўз телефонига маҳлиё бўлиб кетаётган одамлар талайгина.
Кўча-кўйни қўя турайлик, бирор идорага борсангиз ҳам шу аҳвол. “Алло, Напи, тузумисан?”. Тураверасиз, сарғайиииб...
Кўп бўлмади, ишдан қайтаётиб, дорихонага кирдим. Беш-олтита одам навбат кутиб турибди. Сотувчи эса, ҳа, албатта, у телефонда “ока”си билан гаплашаётган экан. Майли, бемор болалар, қариялар бир гап бўлар, “ока” хафа бўлмасин.
Яна бир ҳолат. Улуғ олимнинг хотирасига бағишланган кечадамиз. Саҳнада марҳумнинг дўсти нутқ сўзлаяпти. Ҳамма ҳаяжонда, сўзловчининг таассуротлари бир олам. Бироқ кутилмаганда... Ҳа, ҳа, яна ўша — нокианинг таниш мусиқаси. Нутқ сўзлаётган киши тўхтаб қолди ва барчага миннатдорчилик билдириб, саҳнани тарк этди. “Бузғунчи”, гўё ҳеч нима бўлмагандек, телефон орқали «оламшумул» суҳбатни бошлаб юборди. Ўшанда, ҳеч бўлмаганда телефоннинг овозини ўчириб қўйиш мумкин эди.
Замонавий телефонларнинг қулайликларини инкор этиб бўлмайди: МР4 плейер, радио, диктофон, фотоаппарат, видеокамера, калькулятор ва ҳатто календарь ҳам биргина “сотка”нинг ичида. Буни қарангки, телефон орқали гаплашиш ва СМС ёзиш ҳам мумкин экан!!! Тўғри, баъзи ҳолларда телефон жуда қўл келади, лекин 3-4 йил аввал “сотка”сиз ҳам яшаганмиз-ку!
Қўл телефонининг зарари тўғрисида кўплаб фикрлар билдирилди. Сўнгги хулосалар бу “беозор” буюм билан ҳаддан ташқари кўп “мулоқот”да бўлганлар бош мия саратони, хотира сусайиши, кўриш ва эшитиш қобилиятининг пасайиши каби касалликларга чалиниши мумкинлигини кўрсатмоқда. Саломатлик ҳар кимнинг шахсий иши. Аммо, “соткабоз”лар ён-атрофдагиларнинг соғлиғига ҳам жиддий хавф туғдиришмоқда. Биргина транспортнинг ўзида бор овозича “Тўйга кўйлак тиктирдингми Нози?” деб сўрайдиганлар сон-мингта. Бирортаси қўшиқ тинглашни ихтиёр этиб қолса-чи? Кетаверасиз, эшитиииб...
Яқинларни зиёрат қилиш, улардан ҳол-аҳвол сўраш яхши, бу ўзбек халқининг азалий қадриятларидан бири ҳисобланади, лекин, шу билан бирга “меҳр кўзда”, деган гап бор. Кунига беш соат вақтини “оғайнилари”дан ҳол-аҳвол сўрашга сарфлайдиган ёшлар ўзларига ҳам жисмоний ҳам маънавий томондан жабр қилаётган бўлмасин яна.
Энг даҳшатлиси, “сотка” баъзан энг улуғ инсоний туйғулар меҳр-оқибат, муҳаббатни ҳам ўйинчоққа айлантириб қўйиши мумкин. Ёш йигит-қизларнинг бир-бирига телефон орқали айтаётган гаплари-ю юбораётган смсларидан мана шундай хулоса келиб чиқади.
“Алиса мўъжизалар мамлакатида” асарининг муаллифи Люис Кэроллнинг машҳур гапи эсингиздами: “Агар ўз жойингда қолишни истасанг доимо ҳаракатда бўл”. Хўш, нима учун биз қимматли вақтимизни бошқалар телефонда шахсий муаммоларини ҳал қилиши учун сарфлашимиз керак? Қачонгача “сотка” бизнинг тақдиримизни ҳал қилади? Жавоб оддий: биз қўл телефонининг инсон манфаатларига қарши эмас, инсоният истиқболи учун яратилганини англаб етгунимизгача.
Фараз қилинг, сиз муҳим муаммони ҳал қилиш учун бирор идорага келдингиз. Энди салом беришга улгурдингиз ҳамки, телефон жиринглаб қолди. Идора раҳбарининг телефони. Сиз кутасизми?   
  • Current Mood
    lazy lazy
biglove

(no subject)

 Инсон ўзининг тирик эканлигини кўпинча тонгда – уйқудан уйғонган вақтида ҳис қилар экан. Ҳар бир одамга умр аталмиш неъмат фақат бир бор берилади. Бундай олиб қараганда, Муқанна ҳам, Гагарин ҳам ҳатто Жорж Бушга ўз пойабзалини улоқтириб, ўзининг “снайпер”лик маҳоратини намоён этган ироқлик журналист ҳам худди биз каби оддий одамлар эди. Аммо арзимаган сониялар уларнинг номини тарих саҳифаларига муҳрлади. Ўшанда, ёвга қарши курашда енгилган Муқанна оловга сакрамаслиги ҳам мумкин эди... Баъзан ҳақиқатан бу ҳаётда мавжуд эканлигингни исботлаш учун йўлни светофорнинг яшил чироғи ёнган пайтда кесиб ўтишингга тўғри келади.

  Вақт-соати яқинлашиб қолган одамлар иложи борича кўпроқ ишни қилиб улгуришга ҳаракат қилади, Оллоҳдан умрини ҳеч бўлмаса яна бир кунга узайтиришини  сўрайди. Ҳаёт шунчалик гўзал ва бебаҳо неъматки, ўлим унинг эвазига берилган кичиккина йўқотиш холос, деган эди файласуфлардан бири. Нимаси гўзал экан бу оқ-қора кунларнинг?

Эрталаб будильник жиринлаганда дастлаб нима ҳақида ўйлайсиз? “...” Юзингизни артаётиб, кўзгудаги аксингизга назар ташлаганингизда ҳаёлингиздан нималар кечади? Мана шу ўйлар ҳаётингиз мазмунини ташкил этади, шундай эмасми? Ҳар тонг “Мен нима учун яшаяпман?” деган савол сизни безовта қилмайдими, ишқилиб? Агар сизда шу саволга жавоб бўлмаса, демак, ҳаётингиз чиндан ҳам зерикарли экан ва сиз бу оламда сайёранинг бир четида яшаб ўтаёган навбатдаги инсонсиз, холос. 

  Руҳ танани тарк этгандан кейин ҳам яна бир неча сониялар давомида умид сўнмай турар экан. Муҳаббат туфайли. Масалани бу қадар осон ҳал қилганимга ҳайрон бўлманг, бу дунёда ҳамма нарса муҳаббат асосига қурилган. Унинг энг олий нуқтаси - Оллоҳнинг бандаларига, бандаларнинг Оллоҳга бўлган ишқидан тортиб, энг парадоксал кўриниши - эгоизмгача. Лекин муҳаббатнинг кенг тарқалган маъноси бу эмас. Шунингдек, ҳинд киноларида тасвирланадиган синдур ва ҳоли байрамларига унинг умуман алоқаси йўқ.

  Муҳаббатнинг ҳақиқатан ҳам бор ёки йўқлиги ҳақида ҳеч ким аниқ бир фикрни айта олмайди. Чунки Отабек ва Кумушнинг садоқатли севгисини ишонарли баён эта олган Қодирийнинг ўзи, кейинчалик ҳатто энг кучли муҳаббат ҳам узоғи билан уч йилгача давом этишини таъкидлаган. Унда “Мен сенсиз яшай олмайман”, “Умрбод севаман” деган гаплар қаерда қолади? Психолог ва файласуф Э. Фромм эса муҳаббатни одамларнинг ўзгалар қиёфасида ўзини кўриши сифатида талқин этган. Яъни одам фақат ўзини яхши кўради ва ўзига ғамхўрлик қиладиган, унинг дунёқарашига мос тарзда фикрлайдиган инсоннигина сева олади.  

  Агар одамлар севмаганларида “Отелло”, “Ромео ва Жульетта” каби буюк асарлар яратилмаган бўлар эди. Ҳаттоки, “Титаник” киноси ҳам. Боксёрлар, ҳарбийлар, “ботаник”лар ҳеч бўлмаса умрида бир марта кимгадир қўнгил қўйган. Энг гўзал шеърлар эса муҳаббат мавзусидаги шеърлардир. 

  Яқин ўтмишда, тахминан беш-олти йил олдин йигитлар ўз севган қизларига шеър ўқиб берарди, адашмасам. Авваллари одамларда ижодий қобилият, гўзалликка интилиш кучлироқ эди, менимча. Кейин муҳаббат ҳам у даврларда қадрланар эди. Бугун муҳаббатнинг қадри олди-қочди гаплардан иборат СМСлар билан ўлчанади.

 
  • Current Mood
    creative creative
biglove

(no subject)

Odam nimani xohlasa o'shanga erisharkan. Undan bir qadamam nariga o'tolmasakan. Mashoyixlarimiz etganide "hikmat izlaganga hikmatdir dunyo"... Namuncha issiq))))
  • Current Music
    Inna-Amazing
biglove

Odam bo'lib keldik...

Odamla g'alati a? Ko'pincha 2-3ta xotinni gaplashib ketvotganiga ko'zim tushadi. Bittasi ikkinchisini gapini eshitmidi o'zi, lekin xuddi hayratlanib eshitvotgandey, ko'zlarini kotta-kotta ochib, "Voy, nimasini etas" db turadi. Hammamizam shunaqamiz, tan olish kere. Xohlimizmi xohlamimizmi rol o'ynashga to'g'ri keladi. Kimlagadir jahl qilamiz(o'zimizcha), kimlanidir oldida yaltoqlanamiz(so'zzi tog'ri qo'lladimmi ozi?), ko'chada, uyda, o'qishda, ishda har xil tutamiz o'zimizzi. Shunaqa hayot yoqadi bizaga. Uni o'zgartirish haqida o'ylabam ko'rmimiz. Qorin ochgani uchun emas, shunaqa qilinsa, hech kim bizga shunbha bilan qaramasligi uchun uch mahal ovqat yeymiz. 

Paulo Koel'o o'zining "Побдитель остаётся один" dgan kitobida odamlaga xos bo'gan lekin chetdan qaraganda judayam g'alati ko'ringan odatlani zo'r tasvirlagan:

"SMS so'zi aslida short message service dgan ma'noni bildirishiga qaramasdan, odamlar tinmasdan bir-biriga xabar yozadi. "Qaleysan ishlaring yaxshini? Man besh minutda uyda bo'laman", bu gapni telefonda aytish uchun uzog'i bilan olti soniya kerak bo'ladi. Lekin nimagadir biz uni SMS orqali aytishni afzal bilamiz. Qarshimizda, yuzma-yuz turgan odam bn gaplashgandan ko'ra, raqamimizni terib, bizga qo'ng'iroq qilayotgan odam bilan gaplashish biz uchun obro'liroqdek ko'rinadi. Balki bu yo'l bilan odamlar o'zining kimgadir kerakligini, har soatda kimlardir unga qo'ng'iroq qilib yo'qlab turishini isbotlamoqchi bo'lar? Yoki texnika mo'jizasi qarshisidagi ojizlikimi bu? Egnimizdagi kiyim Versache yoki Lyuis Vuttondan bo'lishi hayotimizni qanchalik o'zgartiradi?" 
 


Balki hayotimizning qanday bo'lishi sotkadigi SMSlar soni yoki biz ishlatadigan atir nomiga emas, o'zimizga bog'liqdir?
  • Current Mood
    pessimistic pessimistic