nayzangul (nayzangul) wrote,
nayzangul
nayzangul

ЖАМИЯТ: ТЕХНОФОБЛАР ВА ТЕХНОФИЛЛАР

Кун давомида ўчмайдиган телевизор, ҳар беш дақиқада жириглайдиган телефон, совутгичнинг тинимсиз шовқини... ХХI асрда яшаётган одамлар бу каби ҳолатларни табиий қабул қилади. Негаки техник ускуналар кундалик турмушимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган.

Янги юзйиллик бошидаги бу каби эврилишлар одамларнинг фикрлаши, ўй-хаёлларида ҳам ўз аксини топди. Ижтимоий тармоқлар ҳамда геосоциал хизматлар (одам ва объектларни харитага қараб аниқлаш)нинг пайдо бўлиши вақт, масофа, мулоқот тушунчалари борасидаги қарашларни бутунлай ўзгартириб юборди. Бунинг натижасида ҳозир технологияларсиз жамият ҳаётининг ҳеч бир соҳасини тасаввур қилиб бўлмайдиган даражага етиб келдик. Иқтисодиёт, бизнес, ахборот коммуникациялари, соғлиқни сақлаш, энергетика, туризм — охири кўринмайдиган бу рўйхатнинг негизида, шубҳасиз, техник қурилмалар ётади. Буни фақат салбий ва фойдасиз ҳолат сифатида баҳоласак, тўғри бўлмаслиги аён. Ахир, ҳар қандай технология — мураккаб дастурлар, симсиз тармоқлар ва биз кўп ҳам тушунавермайдиган бошқа турдаги қурилмалар, аввало, инсонлар ҳаётини имкон қадар яхшилаш, енгиллаштириш мақсадида яратилади. Лекин бу жиҳозлардан ўз ўрнида ва вақтида фойдаланиш масаласи эътиборга молик. 

ФАНТАСТИКАДАН РЕАЛЛИККА

Сиз лифтда ёлғиз юришдан қўрқасиз, борди-ю бекилган ҳолда ишламай қолса-чи, деган ҳадик бир зумга бўлсин, хаёлингиздан чиқмайди. Агар руҳшуносга мурожаат қилсангиз, у сизга «технофобия» деб ташхис қўйган бўларди. Бир вақтлар инсоният фойдаси учун яратилган техник қурилмалар бугун инсониятни улар билан боғлиқ касалликларга даво излашга ундаётгани — жуда қизиқ ҳолат.

Манбаларда («ФизОрг» электрон нашри) келтирилишича, технофобия (греч. techne — маҳорат, phobos — қўрқув) атамаси илғор технологиялар ёки мураккаб электрон қурилмаларни хушламаслик, улардан қўрқиш ҳолатларини ифодалайди. Унинг замирида жамият ижтимоий-иқтисодий ривожида техниканинг ҳал қилувчи ўринга чиқиши маънавий қашшоқлик, инсоний қадриятлардан йироқлашишга олиб келади, деган фикр ётади. Асосан Голливуд фильмларида кузатганимиз — роботларнинг инсонларга қарши исён кўтариши, башарият устидан ҳукмронлик ўрнатиши сингари эпизодлар технофобиядан азият чекувчи инсонлар тасаввурининг тўғридан-тўғри ифодаси бўлса, не ажаб. Эҳтимол, қайсидир маънода улар ҳақдир. Айни пайтда технологиялар ҳукмронлиги деганда фақат роботлардан ташкил топган жамият эмас, балки инсониятнинг янги қурилмалар олдидаги ожизлигини ҳам тушуниш мумкин. Телефон ва компьютерга муккасидан кетган одамлар эса бунга яққол мисолдир.

САНОАТ ИНҚИЛОБИ

Мутахассисларнинг таъкидлашича, «технологиялардан қўрқиш хасталиги» илдизлари саноат инқилоби даврига бориб тақалади. Ўша замон ишчилари тасаввурида илғор техник қурилмалар инсонлар ҳуқуқининг поймол этилишига олиб келар, шахсий қадриятларига рахна соларди. Чунки машиналар инсон меҳнатига бўлган эҳтиёжни камайтирди, улар инсонлар қиладиган аксарият ишларни сифатли ва тез бажариши мумкин эди. Техника туфайли кам маош эвазига тажрибасиз ишчиларни мураккаб ишларга жалб қилиш тенденцияси кучайди. Оқибатда техника тараққиёти аввало ишчи-ходимларда норозилик уйғотди. 1675 йили Буюк Британияда бир гуруҳ тикувчилар қўзғолон кўтариб уларнинг ўрнига асосий ишни бажараётган машиналарни бузиб ташлади. 1727 йилга келиб, техник қурилмаларни ишдан чиқариш «анъанаси» шу қадар авж олиб кетдики, мамлакат парламенти бу каби безорилик учун ҳаттоки қатъий жазо чораларини қўллаш қарорини қабул қилишга мажбур бўлади. Лекин бу «қарама қаршиликка» барҳам бера олмади. 1811 йилнинг март ойида машиналарга қарши чиқаётган бир гуруҳ ишчилар Лудд номи остида бирлашиб, лудчилар ҳаракатига асос солдилар. Улар тўқув машиналарининг асосий қисмларини ишдан чиқариб, омборларга хужум уюштирар, ўз ҳуқуқларини талаб қилиб, петициялар билан ҳукуматга мурожаат қилишарди. Таниқли аргентиналик ёзувчи Кристиан Феррер ўзининг «Машиналарга қарши курашувчилар хотирасига» деб номланган мақоласида ёзишича, «Лудчилар техниканинг исталган тури эмас, фақат жамиятга маънавий зарар етказиши мумкин бўлганига қарши кураш олиб боришган». 

XIX аср Луи Пастер, Чарльз Дарвин, Григор Мендел, Майкл Фарадей, Анри Беккерел ва Мария Кюри сингари олимларнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси, Никола Тесла, Томас Эдисон ва Александр Белл ихтиролари тарихга муҳрланди. Аксарият одамлар учун дунё ҳаддан ташқари тез ўзгараётгандек эди ва улар аввалги, «одатий» ҳаётга қайтишни орзу қиларди. Романтизм намоёндалари, жумладан, Уильям Вордсворт ва Уильям Блейк каби шоирлар саноат инқилоби давридаги технологик эврилишлар уларнинг табиатга бўлган соф ва мукаммал қарашларини «ифлослантираётгани» ҳақида гапирган. 

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг технологиялар инсонлар юрагига янада кўпроқ ғулғула сола бошлади. Бунга кўп жиҳатдан Хиросима ва Нагасаки воқеалари сабаб бўлди. Совуқ уруш даврида яратилган ядро қуроли эса башариятни оламнинг кейинги тақдири ҳақида жиддий бош қотиришга ундади. Натижада, Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги кунларида янги ҳаракат — энвайронментализм (атроф-муҳит муҳофазаси)га асос солинди. Ҳаво ифлосланиши мавзусига бағишланган дастлабки халқаро конференция 1955 йилда ўтказилди, 1980 йилларда эса Озон қатлами емирилиши ва глобал исиш каби муаммоларнинг асосий сабаби сифатида техник тараққиёт эътироф этилди.

ХАСТАЛИК «ҚУРБОНЛАРИ» КИМ?

Aif.ru сайти маълумотларига кўра, технофобиядан азият чекувчилар, аксарият ҳолларда аёллар бўлиб, уларнинг 75 фоизи мобиль телефониниг фақат энг асосий амаллари(қўнҚироқни қабул қилиш ва SMS ёзиш)дан фойдаланар экан. 70 фоиз аёллар имкон бўлди дегунча, маиший техника асбоблари ёрдамида бажариладиган ишларни турмуш ўртоҚи ёки фарзандларига топшириб қўйиши аниқланди. 

Тадқиқотлар яна шуни кўрсатдики, ақлий салоҳияти юқори бўлган одамлар технофобия «дарди»га бошқаларга қараганда кўпроқ йўлиқади. Мия фикрлаши жараёнида шу қадар кўп қувват сарфлайдики, янги техникани ўзлаштириб олиш, тугмалар жойлашуви ва улар ёрдамида бажариладиган амалларни ёдда сақлаб қолиш асабларнинг толиқишига ва бу ускуналардан бутунлай воз кечишга сабаб бўлади. Демак, агар бирор техник қурилмани ишлатиш одидан қўрқувдан юрак уришингиз тезлашаётганини ҳис қилсангиз, билингки, бу — технофобия аломати.

МУЛОҲАЗАКОР ГЕЙТС

Таъкидланишича, технофобия кўринишлари турлича. Баъзилар техника «мўъжизаси»дан нотўғри фойдаланиб, уни яроқсиз ҳолга келтириб қўйишдан қўрқса, айримлар техника саломатлик учун зарарли деб ўйлайди. Шунингдек, техникани хушламай, ундан фойдаланмасликни афзал биладиганлар ҳам йўқ эмас экан. Технофобиянинг яна бир кўриниши — автоҳалокатлардан қўрқиш. Бунда инсонни «Ҳозир йўлда нохуш воқеа содир бўлади», деган хаёл безовта қилади.

Қизиғи, технологиялар борасида илғор қарашларга эга инсонларнинг уларга муносабати биз ўйлагандай эмас экан ва бу ҳолат кўпчиликни ажаблантириши табиий. Масалан, асарларидаги ўзининг фантастик ғоялари билан дунёни ҳайратга солган машҳур ёзувчи Рей Бредбери айни пайтда 80 ёшни қоралаганига қарамай, автоуловни бошқаришга бирор марта бўлса ҳам ҳаракат қилиб кўрмаган экан.

Замонамизнинг «феномен» одамларидан яна бири, «Майкрософт» компанияси асосчиси Билл Гейтс йилда бир марта «Мулоҳазалар ҳафтаси»ни уюштиради. Бу вақт мобайнида у техник ускуналардан умуман фойдаланмайди ва ташқарига чиқмаган ҳолда иш юритади. Энг қизиғи, у ўз фарзандларига ҳам компьютердан фойдаланишда чегара қўйган. Тўғри, бутунлай эмас. Умуман, кун давомида «темир қути» олдида ўтадиган вақт 45 дақиқадан ошмаслиги кераклигини барчамиз биламиз. Шундан келиб чиққан ҳолда Б.Гейтс ота-она назорати дастурини яратиб, бунинг ёрдамида болалар мурожаат қилган веб-сайтлар ва ёзишмаларни текшириш имконини вужудга келтирди.

ҲАЁТ МАЗМУНИГА АЙЛАНГАН

Дунёнинг етакчи техника мутахассисларидан бири Алексей Зарин ўзининг «Технофобия» эссесида қуйидаги фикрларни баён этади: «Ҳозирги кунда парадоксал ҳолат кузатилмоқда: аксарият ҳолларда айнан техникадан фаол фойдаланиб, ундан воз кеча олмайдиган одамлар унинг инсоният учун зараридан кўпроқ хавотирга тушади». Чиндан ҳам орамизда кимдир техникани хушламай, ундан иложи борича узоқроқ юришга интилса, технологияларсиз бир дақиқа ҳам тура олмайдиган, қўл телефонини уйда унутиб қолдирса, ўзини ноқулай ҳис қиладиган, интернетга улана олмаган пайтларда асабийлашишни бошлайдиган одамлар ҳам йўқ эмас. Улар замонавий тилда технофил дея аталади.

Авваллари одамлар яхши ва ёмонга ажратилган бўлса, бугунга келиб, технофоблар ва технофилларга ажратиляпти. Кимдир технология бор-йўғи восита, қурол холос, ундан қандай фойдаланиш инсонларнинг ўзига боғлиқ деган фикрни илгари суради. Қачонлардир ғилдирак ва оддий мих ҳам технология бўлган, вақтида одамларга телефондан фойдаланиш қоидаларини соатлаб тушунтиришга тўғри келган. Бироқ ҳамма нарса меъёрида бўлгани маъқул. Ҳаттоки, қулайлик ҳам. Сабаби технологиялар мураккаблашиб боргани сайин, уларни тушуниш, бошқаришда қийинчиликлар кўпая боради. АҚШнинг Юта университети профессори, психолог Дэвид Стрэйернинг таъкидлашича, инсон кун давомида мулоқотда бўладиган рақамли техника унинг руҳий саломатлиги учун жуда зарарли, мураккаб технологиялар ҳолсизлик, бош оғриши, қон босимининг ортиши каби ҳолатларни вужудга келтиради.

ҚЎРҚУВ ГОРМОН МИҚДОРИГА БОҒЛИҚ

«Дэйли Телеграф» («The Daily Telegraph») нашрининг ёзишича, Буюк Британиядаги Бат технологик университети ходимлари технологиялар олдидаги қўрқув организмдаги тестостерон миқдорига боғлиқ эканини исботлади. Тажрибада 150 нафар компьютер билан ишлайдиган талаба қатнашган. Кўрсатиш бармоғи ва номсиз бармоқ катталиги орасидаги фарққа қараб, олимлар организмдаги тестостерон миқдорини аниқлашган. Бу фарқ қанчалик катта бўлса, гормон таъсири шунчалик кучли экан.

Аслида инсон мавҳум нарсалар олдида доим қўрқувни ҳис қилган. Бу табиий. Аммо технологиялар қаршисидаги қўрқув асоссиз эмас. Баъзиларнинг фикрича, юксак технологиялар қуршовида яшаш маънан қашшоқ, фақат моддий тушунчалар ҳақида бош қотирадиган, дангаса одамлар авлодини вужудга келтиради. Мазкур фикр исботини технология ривожланган давлатлар мисолида кўришимиз мумкин. Уларда одамлар одамлар билан эмас, машиналар билан кўпроқ мулоқот қилади. Масалан, Японияда, уй ҳайвони ўрнидаги робот-кучук, робот-чангютгич, робот-шифокор кабилар одатий ҳолга айланган. Қарияларга ғамхўрлик қилиш, фавқулодда ҳолатларда қутқарув операцияларида иштирок этиш, уй юмушларини бажариш каби вазифалар аллақачон темир буюмлар зиммасига юкланган. Хитойнинг Харбин шаҳрида 2010 йилнинг 21—23 июнь кунларида одамсимон робот(андроид)лар ўртасида дастлабки Олимпия мусобақалари ташкил этилгани эса чиндан ҳам тарихий воқеа бўлган. 

Бошқалар эса аслида юксак технологиялар инсондаги дангасалик туфайли яратилган, деган фикрда. Уларнинг таъкидлашича, одамзод  иложи борича камроқ ҳаракат қилиш мақсадида кир ювиш машинасини ва шунга ўхшаш бошқа ихтироларни ўйлаб топди. Энди эса асосий вақтини ана шу машиналарни ишлатиш учун сарфланмоқда. Сўнгги тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, ақлий меҳнат қиладиган ходимларнинг аксарияти ҳатто дам олиш кунларини ҳам, компьютер қаршисида, ўйин ўйнаш билан ўтказар экан.

Биламизки, техника тараққиёти — миллионлаб мутахассисларнинг тинимсиз изланишлари, меҳнати самараси. Улар ҳар куни янада қулайроқ ҳаёт тарзини «яратиш» устида бош қотиради, таассуфки, муаммолар камайиш ўрнига кўпайиб бораётгандек. «Эдвенча Холдингс» компания асосчиси Эстер Дайсон таъкидлашича, технологиялар туфайли биз танлаш имкониятига эга бўламиз, айни пайтда бу имконият ҳаётимизни мураккаблаштириб юборади. Шу сабаб фақат ақлли ва тайёргарлиги бор одамларгина бу каби қийинчиликларни енгиб ўтиши мумкин.

Тўғри, бугун ҳаётимизни технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шундай бўлса-да, бир нарсани доим ёдда сақлаш керак: уларнинг асосий вазифаси — турмушимизни енгиллаштириш. Бу борада дунёда энг бадавлат бўлишига қарамай, одми ҳаёт кечиришни афзал билган инсонларидан бири Уоррен Баффетнинг қуйидаги фикри эътиборга лойиқ: «Инсон технологиялар учун эмас, аксинча, технологиялар инсон учун хизмат қилиши керак». Чиндан ҳам шундай бўлиши зарур. Зеро, инсоннинг ички потенциали ва салоҳияти ҳар қандай технология имкониятларидан устундир. 

Subscribe

  • Post a new comment

    Error

    Anonymous comments are disabled in this journal

    default userpic

    Your IP address will be recorded 

  • 1 comment