nayzangul (nayzangul) wrote,
nayzangul
nayzangul

ФАКУЛЬТЕТНИ ҚУТҚАРАЙЛИК!

Журналистнинг иш қуроли деганда, қалам, диктофон, камера каби буюмлар кетма-кетлиги тушунилади. Агар ўта замонавий журналист бўлса, у тезкор интернет билан ҳам қуролланган бўлиши мумкин. Техника ўз йўлига, у техник жараённи енгиллаштиришга хизмат қилади, холос. Журналистда эса, аслида фақат битта қурол бор — АҚЛ. Ҳозирги пайтда журналистларимизнинг қарийб 80 фоизида айнан шу нарсанинг дефицити кузатилмоқда. Бурнимизни бевосита бизга тааллуқли соҳа, халқаро журналистикага тиқадиган бўлсак, (ҳақиқий журналист вақти-вақти билан ҳид билиш қобилиятидан ҳам умуминсоний манфаатлар йўлида фойдаланиб туриши лозим) бу ердаги аҳвол ўзимизга маълум. Нимаси биландир талабалар ва ўқитувчилар ўртасидаги “Совуқ уруш”ни эслатувчи манзара. Деканимиз Акбар Нурматов ибораси билан айтганда, Ўрта Осиёда ягона бўлган халқаро журналистика факультетида мисли кўрилмаган инқироз. Маънавий, ижодий, интеллектуал инқироз. Сабабларни бирма-бир санайдиган бўлсак, мақолани охиригача сабр билан ўқишга оғринасизми деган андишада (андиша ўзбек журналистларига хос фазилат) фақат айрим кўзга ташланадиган жиҳатларгагина тўхталиб ўтамиз. Ундан ҳам қулайроғи, биз фактларни санаймиз, хулосани эса сиз чиқарасиз. Диққат қилинга, фақат ХЖФда:

инглиз тилидан сабоқ олгани ҳолда, бу тилни билмайдиган талабалар бор;

ўқитувчиларга улар қачон ва қайси фандан дарсга кириши кераклигини эслатиб туриш керак;

мақола, очерк, репортаж жанрларидаги журналистик материалларни ёзиш бўйича назарий билимлар берилади, амалда эса оралиқ ва якуний назорат ишларидан нарига ўтилмайди; 

ўқишни тамомлаган талабалар орасида умрида бирор марта қўлига микрофон ушламаган, “Google” қидирув тизимидан фойдаланмаган, Барак Обама кимлигини билмайдиганлар бор, ишонаверинг.

Яқинда, ҳали қўп бўлгани йўқ, халқаро журналистика факультети ёпиладими ёки ёпилмайдими деган гап-сўзлар авж олиб кетганида мен ёпилса ёпилаверсин, миллий журналистикада ўқидик нима-ю, халқаро журналистикада ўқидик нима, деган фикрда эдим. Негаки, дарсларда халқаро журналистиканинг “бошқа журналистикалар”дан фарқ қилувчи жиҳатлари ҳақида эшитавериб, қулоғимда “Сизлар — халқаро журналистсизлар” деган абадий нидо ҳалигача жаранглаб турган бўлишига қарамасдан, зимистонда лоақал милтиллаган учқунни ҳам кўрмаганим рост. Билмадим, берилган имкониятлардан биз тўғри фойдалана олмадикми, ёки ўша имкониятлар умуман берилмадими бизга, қатъи назар, энди кимнидир ботқоққа тортиш эмас, аввало ундан чиқиб олиш йўлларини қидириш тўғрироқ бўлади, менимча.

Ўзбеклар ҳамма ишни биргаликда, бамаслаҳат қилишга одатланишган. Пора олишса ҳам, пора беришса ҳам, бирров “катталар”, “ёши улуғлар”нинг олдидан ўтишади. Агар Худо кўрсатмасин, иш чаппасига кетса, бошқа бир одамни айблаш осонроқ бўлади. Биз ҳам шу тамойилга амал қилиб, муаммоларниинг ечимини топишда, биринчи навбатда факультетимиз маъмурларига суянамиз, улардан маслаҳат оламиз, бошқа иложимиз йўқ. Факультетдаги ижодий муҳит, талабаларнинг билим даражаси, ўқитувчиларнинг дарс ўтиш методикаси борасида умид қилса арзийдиган бирор янгилик содир бўладими ўзи “шу яқин кунларда”? Тўғри, ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак, талабаларнинг вазифаси — таълим олиш, ўқитувчиларники эса билим беришдан иборат. Лекин афсусуки бу ҳақда тинимсиз такоролаш, лозим топилса, шу гапларни қора ҳарфлар билан факультет эшикларига ёзиб қўйиш керакка ўхшайди. Энг катта парадокс шундаки, журналистика факультетида ўқийдиган талабаларнинг миясига “Ўзбекистонда журналист бўлиб барака топмайсан” қабилидаги стереотиплар ўрнашиб қолган. Ваҳоланки, бизнинг бурчимиз мана шу стереотипларни синдиришдан иборат.

Халқни, оммани қонун ва оммавий ахборот воситалари бошқариши керак, қонунлар ишламайдиган мамлакатда эса бошқарув цензура қўлига ўтади. Тўғри йўлни излаш, топиш вақти келди, зеро ғойибдан ваҳий келишини кутиш пайғамбарларга хос, журналистлар эса ҳали бундай бахтга мушарраф бўлганларича йўқ. 

Subscribe

  • Post a new comment

    Error

    Anonymous comments are disabled in this journal

    default userpic

    Your IP address will be recorded 

  • 0 comments