nayzangul (nayzangul) wrote,
nayzangul
nayzangul

АХБОРОТ: ЯНГИ МУАММОЛАР

Инсоният ўзининг Ердаги ҳукмронлиги давомида жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлди. Бироқ, энг ҳайратланарли ҳодиса биз яшаётган ХХI асрнинг чекига тушган кўринади. Техника тараққиёти одамзотни кутилмаган муаммо – чексиз ахборот қаршисида ожиз қолдирди. Ахборот хуружлари, ҳадсиз маълумотлар оқими келажакда қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида эса ҳозирча фақат тахмин қилиш мумкин.

Чексиз ахборот – чексиз хасталиклар

Авваллари одамлар битта газетани ойлаб ўқиган ва ундаги ахборот “дунёдан бохабар бўлиш” учун етарли ҳисобланган. Бугун, рақамли технологиялар даврида бу – кулгули ҳол. Зеро, замонавий инсон ҳаёти телефон, компьютер, ТВ, радио ва нусха кўчириш аппаратлари сингари техник воситалар асосига қурилган. Ҳар куни ОАВ, рекламалар, маҳсулот ўрамларидаги кўрсатмалар(инструкция), мусиқа товушлари, телефондаги суҳбатлар, касбий фаолиятга доир материаллар кўринишидаги минглаб янги ахборотни қабул қилишга тўғри келади. Энг ёмони, мазкур керакли-кераксиз ахборотлар беиз “оқиб” кетаётгани йўқ. Одамлар руҳиятида янги “хасталик” – “ахборотдан толиқиш” синдроми кузатилмоқда. У миянинг доимий зўриқиши, шахснинг узоқ вақт турли масалалар ҳақида бош қотириши, катта миқдордаги ўзаро боғлиқ бўлмаган маълумотлар(масалан рақамлар ва маҳсулот номлари)ни хотирада сақлаш, визуал ахборотларни кузатиб бориш, янги ахборотни тезкорлик билан қабул қилиш сингари ҳолатлар оқибатида юзага келади. Тўғри, инсон миясининг имкониятлари чексиз. Компьютердан фарқли равишда, вируслар унга хавф туғдирмайди. Аммо, дунёда компьютер вирусларидан ҳам хавфлироқ нарсалар бор!

“Ахборотдан толиқиш”нинг дастлабки белгиси – уйқусизлик. Инсон кун давомида шу даражада кўп маълумотни қабул қиладики, мия уни қайта ишлаш учун ҳатто кечаси ҳам “тер тўкиш”га мажбур бўлади. Бу ҳам етмагандек, иштаҳа йўқолади. Айрим одамларда асабийлик, жаҳлдорлик кузатилади. Ҳаддан ташқари кўп ахборот идрок ва хотирани заифлаштиради, баъзан ҳатто оддий маълумотларни тушуниш ҳам қийинчилик туғдиради.

Агар бу “огоҳлантириш”лар эътиборсиз қолдирилса, қўлларнинг ўз-ўзидан қалтираши, юз терисининг тортишиши, юрак уришининг тезлашиши, ошқозондаги оғриқлар безовта қилиши мумкин.

Бизга нима?

Ким ахборотга эга бўлса, дунёга ҳам ўша эгалик қилади. Уинстон Черчилл қўллаган мазкур ибора бугунги кун шиорига айланди. Чиндан ҳам, ўз вақтида ва етарли миқдорда тарқатилган ахборот ҳаётни тубдан ўзгартириб юборишга қодир. Яхши маънода ҳам, ёмон маънода ҳам. Лекин, ҳозирги ахборот оқими уни тушуниш, таҳлил қилиш ва қайта ишла учун имкон қолдирмаяпти. Бир янгиликни идрок этиб улгурмасдан, бошқасини эшитамиз, кейин эса улардан-да янгироқ, улардан-да қизиқарлироқ ахборотлар “ёмғир”и остида қоламиз. Натижада, миямизда қайта ишланмаган, ҳеч кимга кераксиз, шахсий ҳаётимизда қўлланилмайдиган, янги ва керакли ахборотларни қабул қилишга халал берувчи “ахборот уюми” ҳосил бўлади. Қайсидир  машҳур эстрада “юлдуз”и фарзандли бўлибди, дунёнинг қайсидир чеккасидаги пул топиб, ақл топмаган миллионер итига фалон миқдорда мерос қолдирибди, фазода янги учар жисм учиб юрибди... Хўш, бизга бундан нима фойда?

- Институтга ўқишга кирган йилим мен учун ҳамма нарса қизиқарли ва аҳамиятли кўринарди, - дейди Камола Исмоилова, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси. - Табиийки, мен тенгдошларим орасида ажралиб туришни, ҳар қандай соҳа юзасидан етарлича маълумотга эга бўлишни истардим. “Интернет” ва “Гугл”(Google қидирув хизмати назарда тутиляпти - муаллиф) менинг энг яқин дўстларимга айланди. Жуда кўп китоблар, янги ахборот манбалари, ОАВ материаллари билан ҳаётимнинг айнан ўша палласида танишдим. Дастлаб, ахборотларни катта иштиёқ билан қабул қилар, олинган ҳар бир янги ахборотни хотирамда сақлаб қолишга уринардим. Лекин, кунларнинг бирида миямдаги ахборотлар бетартиб “сузиб” юрганини, уларни бирма-бир таҳлил қилиб, ортиқча маълумотлардан “қутулиш” зарурлигини англадим. Чунки, хотирамда ахборотлар кўпайиб кетиб, уларнинг қай бири муҳим-у, қай бири иккинчи даражали эканини ажратолмай қолгандим. Бир неча ҳафта давомида ахборот майдонидан “узилдим”. Китоб ўқиш, кино кўриш, матбуот ва интернет нашрларини ўқиш каби севимли машғулотларимдан ўзимни бироз муддат “тийиб” юрдим. Бу муддат олинган ахборотларни тартибга солиш учун етарли бўлди. Ҳозир мен ахборотларни саралаш ва керакли маълумотларнигина ёдда сақлаб қолишга ўргандим.

Тугма, 5 дақиқа вақт ва куннинг энг дозарб воқеалари

Калифорния университети тиббиёт ходимларининг Сан-Диегодаги тадқиқотлари натижасига кўра, замонавий рақамли технологияларнинг ишлаб чиқариш кучи инсон миясининг ахборотни қабул қилиш имкониятларидан ҳам илгарилаб кетган. Биргина клавиатура тугмасини босиш орқали биз Ер сайёрасида кун давомида содир бўлган воқеалардан хабардор бўлишимиз мумкин. Бахтсиз ҳодисалар, табиий офат оқибатлари, янги эпидемиялар ҳақидаги ўнга яқин ахборот 3-5 дақиқа ичида онгимиздан жой олади. Оқибатда, биз кимларнингдир бошига тушган дарду ҳасратлар, кулфатларни ҳиссиётларсиз, бир нафасда ўқиб ёки эшитиб кетишга одатланамиз. Ахборотнинг кўплиги воқеа-ҳодисаларни юзаки, тез ва чала идрок этишга сабаб бўлади. Фақат ҳиссиётларгина эмас, интеллектуал салоҳият ҳам “ўтмас”лашади (dreambeauty.ru).

Колумбиялик олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2006 йилда бутун дунё ОАВ, нашриётлар ва реклама саноати 161 эксабайт(1 ЭБ=260 байт) ахборот ишлаб чиқарган. Бу инсоният тарихи давомида ёзилган барча китоблардан уч миллион баробар кўп! 2010 йилда мазкур кўрсаткичнинг 988 ЭБга етиш эҳтимоли бор, дея хабар беради psyfactor.org сайти.

Интернет ва ТВ – биринчи

1970 йилдаёқ, коммуникацион тизимлар бўйича мутахассис, америкалик Сол Корнберг қуйидагича башорат қилганди:

- Тез орада мутолаа ахборот олишнинг асосий воситаси сифатида ўз аҳамиятини йўқотади. Ўқиш ва ёзиш санъатига қолоқлик белгиси деб қарай бошлашади.

Чиндан ҳам, бугун асосий ахборот олиш воситаси китоб эмас. Бу борада, Интернет ва ТВ биринчиликни қўлдан бой бермайдиган кўринади. Рақобат омма эътиборини жалб қилишнинг турли йўлларини излашга ундаяпти. Бунинг оқибатида, кўнгилочар йўналишдаги енгил-елпи дастурлар(қайд этиш керакки, бу ҳам ахборот) ОАВ саҳифалари ва экранларини, шу билан бирга омма онгини ҳам эгаллаб бормоқда. Бундай ахборотлар онгни заҳарлашга хизмат қилиши, қадриятлар ва тарихий илдизларга болта уриши ҳам ҳеч гапмас. Зеро, қаердаки, айш-ишрат, лоқайдлик ва ғафлат ҳукмрон бўлса, ўша ерда таназзул, нодонлик, худбинлик юзага келади.

Хомо компьютерос???

Чексиз ахборот оқими айниқса, ёши катта одамлар ҳаётида сезиларли мураккабликларни юзага келтираётгани – ҳақиқат. “Пул сарфланмаслиги учун” қўл телефонидаги хабарларни ўқимайдиган, “сотка”си бўлатуриб, рақамларни ёзиш учун алоҳида ёндафтарча олиб юрадиган кишиларнинг аҳволини тушуниш қийинмас. Ҳарф териш машинкасининг “шақ-шақ”ига  кўникиб улгурмаган одамлар, компьютер “сичқонча”сини ўрганаман дегунча, “сичқонча”сиз ишлайдиган компьютерлар кашф этиляпти. Америкалик океанограф Артур Стамп бу борада қуйидагича фикр билдирган: “Яқин ўн йил ичида бирорта янги хабар узатилмасагина биз қолган ахборотларни ўзлаштиришга улгурамиз”.

Технологиялар тараққиёти туфайли, инсоният тарихида илк маротаба кичик авлод ўз тажрибасини катта авлод билан баҳам кўряпти, - дейди япониялик Миятаке Хисаёши, Киото ахборот агентлиги мухбири. Дарҳақиқат, ёшлар янгиликларга анча тез мослашади. Айнан шу “мослашувчанлик” туфайли аксарият болалар техниканинг ашаддий “мухлис”ига айланиб қоляпти. Телефон ва компьютер уларнинг еттинчи сезги аъзоси, гўё. Ким билади, ахборот ва техника тараққиёти туфайли одамлар ҳам “компьютерлашиб” бораётгандир балки...

 

“Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё…”

- Замонавий шаҳарлик фуқаро ахборотни, асосан, ОАВдан - мутахассислар томонидан сунъий равишда “қолип”га солинган ҳолда олади. У ТВ томоша қилади, янгиликларни эшитади, сценарийларида маълум бир мақсадлар кўзланган фильм ва спектаклларни кўради, мусиқа тинглайди. Бундан ташқари, ҳар куни кимнингдир кучли таҳриридан ўтган мингдан ортиқ сўзни кўздан кечиради. Ишлов берилган, такрорий жумлалардан ҳоли матнда максимал даражадаги ахборот узатилади ва у аудиторияга кучли таъсир кўрсатади, - деб ёзади америкалик олим Элвин Тоффлер ўзининг “Келажак олдидаги ҳавотир” асарида.

Бугунги кун огоҳликни, воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлишни талаб этмоқда. Бироқ, ҳамма нарсанинг ўзига яраша ўлчови, меъёри бўлгани каби, ахборотни ҳам фақат керакли миқдорда, бизга зарар эмас, фойда келтирадиган даражада олганимиз маъқул. АҚШнинг Рокфеллер институти психологи Жорж Миллер таъкидлаганидек, “…биз қабул қилиш, қайта ишлаш ва ёдда сақлашга қодир бўлган ахборотнинг муайян чегаралари ҳамда миқдори мавжуд”.

Уяли алоқа воситаси, интернет-блоглар ҳамда ижтимоий тармоқлар ҳар бир шахс учун тез фурсатлар ичида ахборот олиш, тарқатиш, ўз фикрларини эркин ифодалаш имконини яратди. Айни пайтда одамлар нима билан машғул экани, қандай рангдаги кийимлар унга кўпроқ ёқиши сингари ахборотларни ҳам интернет орқали бемалол омма эътиборига ҳавола этиши мумкин. Ўзининг қимматли вақтини мана шундай “дил изҳор”ларини ўқишга сарфлайдиганлар ҳам бор. Хотирасини қўшиқ матнлари, SMS-хабарлар, телефон рақамлари билан “банд” қиладиганлар ҳам... Ахборот турли мақсадларга хизмат қилиши мумкин. Ҳаммаси ундан ким ва қандай фойдаланишига боғлиқ.


 

 

 


 

Tags: интернет, информация, одамлар, передоз, психика, реклама
Subscribe

  • Post a new comment

    Error

    Anonymous comments are disabled in this journal

    default userpic

    Your IP address will be recorded 

  • 5 comments