nayzangul (nayzangul) wrote,
nayzangul
nayzangul

ЗАМОНА ЎҚИМАЙДИГАНЛАРНИКИМИ?


Қачонлардир китоб бойлик, юксак мартаба рамзи ҳисобланган. Зарҳал муқовали асарлар зодагонларнинг нақшинкор жавонларига безак бериб турган. Миллионлаб эски ва янги китоблар қуршовида яшаётган, деярли ҳар қандай асарнинг электрон нусхасини топиш имкониятига эга бугунги кун кишиси бу гапга муболаға деб қараши табиий. Зеро, китоб мутолааси одамлар ҳаёти, турмуш тарзида вужудга келиши мумкин бўлган эҳтиёжларнинг энг сўнггисига айланиб қоляпти.

Китоб ҳуснбузарлардан халос этадими?

«Кино ва телевидение, шунингдек ОАВнинг бошқа турлари тараққиёти кўп нарсани ўзгартириб юборди. Саёҳатларни ҳисобга олмаганда, тил ўрганишнинг ягона воситаси яқин кунларгача ҳам дарсликлар эди. Ўозир эса болалар тил ўрганиш учун СD-дискларидан фойдаланишни, ўша тилда фильмлар кўришни афзал биляпти. Георгафия соҳасида ҳам худди шунақа вазият. Болаликда мен ўзим билмаган мамалакатлар ҳақида Жюл Верн асарларидан билиб олардим. Фарзандларим эса телевидение ва кино шарофати билан ҳали «стол остида пиёда юрган» пайтларининг ўзидаёқ улар ҳақида мендан кўпроқ маълумотга эга бўлди. Фильмлар орқали бемалол Қадимги Рим тарихини ўрганиб чиқиш мумкин. Бунинг учун, ёлғон «сўзламайдиган» фильмларни танлай олиш керак, холос, — деб ёзади италиялик файласуф Умберто Эко ўзининг «Интернетдан Гуттеберггача: матн ва гиперматн» асарида. — Янги авлод болалари компьютер туфайли юқори даражадаги тезликда ўқишни ўрганди ва ўсмирларнинг ўқиш тезлиги университет профессорларникига қараганда анча каттароқ. Шахсий компьютерда дастурлаштириш учун тинэйжерлар(ўсмирлар) ҳеч бўлмаганда ўқишни билиши, мантиқий амаллардан хабардор бўлиши ва юқори тезликда сўз ва рақамларни тера олиши зарур. Шу маънода, компьютер одамларни Гуттенберг галактикасига қайтаришга хизмат қилади. Тунларни интернет-чатларда ўтказувчиларнинг ҳам, асосий қуроли — сўздир. Агар телеэкран — тимсоллар ёрдамида акс этган дунё даричаси бўлса, компьютер дисплейи оламни сўзлар орқали тасвирловчи ва ўзига хос саҳифаларга эга идеал китобдир».

Бироқ, китоб — фақатгина ахборот манбаи эмас. У инсоннинг бошқа бир инсонга айтмоқчи бўлган дил изҳори, ўқувчини ўйлашга, фикрлашга, бир зум тўхтаб, мулоҳаза юритишга ундовчи ёрқин Қоялар жамланмасидан иборат. 

Маънавият ва Моддият ўртасидаги шиддатли курашда, иккинчисининг қўли баланд кела бошладими, жамиятда парокандалик, бефарқлик ва худбинлик каби иллатлар илдиз ота бошлайди. Ташқи гўзалликни ички гўзалликдан устунроқ қўйиш тамойилига амал қилар экан, инсонлар учун маънавий оламни бойитиш, руҳиятни поклашдан кўра, муюлишдаги сартарошхонага кириб чиққан афзалроқ туюлади. Уларга «Китоб ўқинг, 5 кило ташлайсиз», ёки «юзингиздаги ҳуснбузарлардан халос бўласиз», деб кўринг-чи, китоб дўконларида бирорта китоб қолармикан? 

Босма китоблар даври тугадими?

Китобларнинг арзонроқ хомашёдан тайёрланиши ўз навбатида нархларнинг пасайишига ва китобларнинг кенг миқёсда оммавийлашишига сабаб бўлди. ХХ асрда юмшоқ муқовали китоблар чоп этила бошлангач, адабиёт кенг жамоатчиликнинг ҳамма қатламлари учун «қўл узатса етгудек» масофада яқинлашди. Хўш, Гуттенберг асос солган босма китоблар даври бугун қандай жараёнларни бошидан кечиряпти? Аниқки, унинг гуллаб-яшнаган пайтлари аллақачон ортда қолди...

Йўқ, одамлар китоб ўқимаяпти, деган фикр бутунлай нотўри. Китоб дўконлари ҳали ҳам гавжум.

Ҳар куни йўқ деганда, 20-30та харидор кириб, қайсидир адабиётни суриштиради. Жуда бўлмаганда, муқовалардаги расмларни томоша қилади. Катта ёшдаги одамлар тарихий, илмий, бадиий китоблар билан қизиқса, талаба-ўқувчиларнинг дарслик ва энциклопедияларга эҳтиёжи кўпроқ, назаримда, — деди «Шарқ зиёкори» китоб дўкони сотувчиси Любов Гражданкина.

Бу гаплардан бирор хулосага келиш қийинроқ. Чунки, китоб сотиб олиш билан уни ўқиш ўртасида салмоқли фарқ бор. Астойдил китоб ўқишни истаган одам уни жуда бўлмаганда ксеро-нусха шаклида ўқиши мумкин. Демак, китобларнинг қимматлиги уларни ўқимаслик учун баҳона бўлолмайди.

Яхши китобни қандай топса бўлади?

ЎзДЖТУ халқаро журналистика талабалари орасида ўтказилган сўровнома натижалари бугунги ёшларнинг қандай адабиётларга қизиқаётгани, уларнинг маънавий олами ҳақидаги тасаввурларни бироз ойдинлаштирди.

«Ўткан кунлар» — илк ўзбек романи. Ажабмаски, мутолаага бўлган муносабатимиз кўп жиҳатдан мана шу асарни ўқиган ёки ўқимаганлигимиз билан белгиланса. Аксарият сўровномаларнинг «Ўткан кунлар» романини ўқиганмисиз?», деган бандида «Ҳа» жавоби доира ичига олинган. Ёшларнинг катта қисми детектив ва саргузашт жанрлардаги китобларни севиб мутолаа қилишини билдирган. Китоб ўқимасликнинг сабаби сифатида 80 фоиз талаба вақт етишмаслигини белгилаган.

Сўровномадан маълум бўлдики, айни пайтда ёшлар орасида америкалик ёзувчи Дэн Брауннинг «Да Винчи сири», Тоҳир Маликнинг «Иблис девори», Чингиз Айтматов ва Лев Толстой қаламига мансуб турли асарлар «энг кўп ўқилаётган китоблар» сифатида тан олинган.

— Шахсий кутубхонамдаги китоблар сони юзтага етиб қолди, — дейди талаба П. Суюнова. — Китобларни кўпинча бобомнинг тавсияси билан харид қиламан. Баъзан дугоналаримнинг қўлида бирор қизиқарли китобни кўриб қолсам ҳам, ўша китобни бир-икки кунга сўраб олиб, ўқиб чиқишга ҳаракат қиламан. Албатта, «синовдан ўтган» китобларни ўқишни маъқул кўраман, чунки, қайсидир китобни харид қилиб, уни ўқисангу, ҳеч қандай янгилик олмасанг — бундан ёмони йўқ.

130 миллионта хазина

2008 йилда Гиннес рекордлари китоби мутахассислари дунёдаги энг оммабоп китоблар рўйхатини тузиб чиқди(www.sostav.ru). «Энг машҳур ўнталик» орасида «Гиннеснинг рекордлар китоби», «Америка имло луҚати»(Ной Вебстер), Бенжамин Спокнинг «Болани парваришлаш йўллари» ва Дэн Браун қаламига мансуб «Да Винчи сири» каби асарлар ҳам жой олди.

Ўозирги кунда фантастик сюжет асосига қурилган асарларга эҳтиёж кучли. Бу, қайсидир маънода одамлар руҳиятидаги ўзгаришлардан далолат. Мисол учун, "Гарри Поттер ва шаҳзода"(Джоан Роулинг) асарининг 9 миллион нусхаси китоб сотувга чиққан дастлабки 24 соат ичида «қўлма-қўл» бўлиб кетган.

Дунёдаги энг кўп ўқиладиган китоблардан яна бири Антуан де Сент-Экзюпери қаламига мансуб "Кичкина шаҳзода" романтик эртагидир. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, унинг сайёрадаги умумий адади 80 миллиондан ошади, турли нашрлари сони эса 500га яқин. Таъкидлаш керакки, мазкур китоб 180 тилга таржима қилинган.

Испанияда «энг кўп тиражда сотиладиган китоб» мақоми Нобель мукофоти соҳиби Габриэл Гарсия Маркеснинг "Ёлғизликда 100 йил" асарига тегишли. У жами 30 млн нусхада чоп этилган. Маълумот сифатида яна шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда бутун дунёда 130 миллиондан ортиқ номдаги китоб бор(wikipedia.org). 

Китоб — сеҳрли тилсим. Очиб, ўқиб кўрмас экансиз, унинг ичида нималар яширин эканини ҳеч қачон била олмайсиз. Китобни очиш учун эса фақат хоҳиш ва ана шу китобнинг ўзи керак бўлади.


 

 
Subscribe

  • Post a new comment

    Error

    Anonymous comments are disabled in this journal

    default userpic

    Your IP address will be recorded 

  • 0 comments