February 28th, 2012

Биохатолар. Касалликларни ўйлаб топиш кимга керак?

 

 Кўпмиллионли аҳолига эга шаҳарлар аҳолиси ҳар қадамда кўринмас хавф – вирус ва бактерияларга дуч келади. Эшик тутқичлари, жамоат транспорти, ариқ ва зовурлардаги чиқиндилар, умумий овқатланиш жойлари ва... пул воситасида зарарли микроблар бир жойдан бошқа жойга кўчиб ўтиши, беҳисоб касалликлар сабабчисига айланиши мумкин.

Маълумки, одам организмида умумий оғирлиги тахминан 2 килограммдан иборат 500 турдаги бактерия яшайди. Улар инсон танасидаги муҳим жараёнлар, жумладан, иммун тизими фаоллиги, ташқи таъсирларга қарши кураш, овқат ҳазм қилиш кабилар учун жавобгар саналади. Аммо ҳар яхшининг бир ёмони, деганларидек, микроблар орасида саломатликка жиддий зарар етказувчилари ҳам оз эмас. Шу кунгача аниқланган одам касалликларининг тахминан 70 фоизи инфекциялар натижасида юзага келади, зарарли вируслар туфайли сайёрада ҳар йили 500 миллиондан ортиқ одам вафот этади. Шу боисдан, Бутунжаон соғлиқни сақлаш ташкилоти микроорганизмларни эрта ўлимнинг асосий сабабчилари дея тан олган. Ҳозиргача инсон танасидаги вирусларнинг атиги 20 фоизи ўрганилган бўлиб, ХХ асрда юзага чиққан 36та инфекция касаллигидан биргина табиий ўлатни бартараф қилишга эришилди. Демак, тарққиёт чўққисига ишонч билан одимлаётган инсон ҳали жуда кўп муаммолар ечимини топиши керак.

Афсуски, баъзан оддий иситма ёки кўнгил айнишидан бошланувчи хасталик зилзила ёки сув тошқинидан кґра даҳшатлироқ йўқотишларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳисоб-китоблардан аниқланишича, XIV–XIX асрлар даҳшати — ўлат ҳамда вабо касалликлари 100 миллионга яқин кишининг ҳаётига зомин бґлган. XX асрнинг сўнгги ўн беш йилида парентерал гепатитлар ва ОИТС туфайли вафот этганлар сони Иккинчи жаµон уруши қурбонларидан икки баробар кўп. Энди, мулоҳаза учун яна бир факт: ХХI аср бошида инсоният янги хасталиклар билан юзма-юз келди. Аввал парранда гриппи, кейин чўчқа гриппи, кейин Кох таёқчаси — минглаб касалланган одамлар... Интеллектуал асрнинг етакчи шифокор ва табиблари шаънига тушган доғ эмасми бу? Ҳа, ваҳима ва шовқин-сурондан ҳоли жойда чуқурроқ ўйлаб кўрилса, шубҳаланишга арзийдиган статистика. Олимлар жиддий бир масала устида бош қотира бошлашди: молекуляр тиббиёт ва ген муҳандислиги соҳасидаги ривожланиш ўз навбатида янги штаммлар ва давоси топилмаган касалликларнинг вужудга келишига сабаб бўлмаяптимикан? Махсус лабораторияларда вирус штаммларини ишлаб чиқиш ва тарқатишдан мақсад турлича бўлиши мумкин — аҳоли орасида дори-дармонларга бґлган эҳтиёжни ошириш ва ҳоказо.

"Тижорий биотехнология" (Россия) журналига кґра, одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларни оммавий заҳарлаш мақсадида тирик ташувчилар (ҳашаротлар, кемирувчилар ва ҳ.к.) орқали ёҳуд ўқ-дорилар, суюқ ва кукунсимон моддалар кўринишида тарқатиладиган бактерия, вирус, риккетсия, замбуруғ ва кундалик турмушдаги заҳарли маҳсулотларни умумий тарзда биологик қурол деб аташ мумкин.

Каламушлар, бургалар ҳамда чивинлар мураккаб биологик қурол тизимларининг таркибий қисми ҳисобланиб, қирғинбаротлиги нуқтаи назаридан уларни тўппонча ёки портловчи моддага тенглаштириш мумкин.  

Уй ҳайвонларининг оммавий заҳарланиши мамлакатлар бюджетига қай даражада зарар етказишини тасаввур қилиш қийин эмас. АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати маълумотларига кўра, эпизоотия АҚШ бюджетига ўрта ҳисобда 10—30 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказади. Масалан, Буюк Британиядаги Сибир язваси хуружи одамлар саломатлигига тўғридан-тўғри хавф туғдирмаган бґлса ҳам, Британия сайёҳлигига кучли зарба берди — унинг умумий зарари 5 миллиард долларга баµоланмоқда, дея хабар беради www.cbio.ru нашри. 

Одамларга мақсадли равишда касаллик юқтириш «анъанаси» олдиндан бор эди. Манбаларда ҳиндуларнинг душман қабила бошлиқларига ўлат юқтирилган ёпинчиқларни ҳадя қилгани тўғрисида маълумотлар учрайди. Аммо кўплаб хавфли юқумли касалликларга қарши вакцина ихтиро қилинган ҳозирги кунда биологик қуроллар ҳам такомиллашиб бораётган бўлса, не ажаб. Мақсадли равишда ичимлик суви, озиқ-овқат маҳсулотлари, ёки маиший жиҳозларга инфекция «юқтириш», хасталанган беморларни гавжум ҳудудларга юбориш (биокамикадзе) каби усуллар биологик қўпорувчиликнинг бир кўриниши холос.

1972 йилда БМТ бош ассамблеяси томонидан «Биологик (заҳарли) қуролни ишлаб чиқиш ва қўллашни ман қилиш тўғрисида Конвенция» қабул қилинди. 1975 йилда ҳужжат расман кучга кирди. 27 йиллик муддатдан сўнг, мамлакатларнинг унга риоя қилишини бошқариш бґйича амалда ҳеч қандай чора ишлаб чиқилгани йўқ. Таклиф қилинганлари эса ноаниқ ва мавҳумдир. 

ХIХ аср охирига қадар биологик воситалардан уруш мақсадларида фойдаланилмаган, бактерияларнинг инфекцион касалликлар ривожланишидаги ўрни у қадар чуқур ўрганилмаган эди. Биринчи жаҳон урушидан сўнг Европанинг қатор мамлакатларида микроорганизмлар оммавий қирғин қуроли сифатида ўрганила бошланди. Иккинчи Жаҳон уруши йилларида эса бу каби тадқиқотлар Япония ҳамда Буюк Британияда олиб борилди. Хавфли пойганинг авж палласи ўтган асрнинг 40-60 йилларига тўғри келди, ўнлаб давлатлар биологик қуролни ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказишга ошиқар эди. Юқорида тилга олинган Конвенция қабул қилингач, биологик қурол саноати ўз-ўзидан тўхтади. Аммо де-факто, бу жараён ген муҳандислиги ёки микробиология соҳасидаги тадқиқот ва изланишлар кўринишида давом этмоқда.

Сўнгги 10-15 йил ичида Ерда 400 маротаба биологик, кимёвий ва радиоактив моддалардан жиноий, сиёсий ҳамда ғоявий мақсадларда фойдаланилган. Ўтган аср сўнги ва шу аср бошида Африка вабоси, Денге безгаги, атипик пневмония, парранда ва чўчқа гриппи эпидемиялари у ёки бу мамлакатда авж олмоқда.

Биологик қуролни энг хавфли оммавий қирғин қуроли деб тан олган АҚШ конгресси биотеррорчилик билан курашиш, биологик жиҳатдан фаол препаратлар қўлланилиши мумкин бўлган ҳолатларда аҳолини огоҳлантириш ва жабрланган одамларга ёрдам бериш чора-тадбирларига катта эътибор қаратмоқда. Хусусан, дорилар захирасини тўлдириш ва янги вакциналарни яратиш, биологик марказлар ҳимоясини кучайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, «биопойга» оқибатларини олдиндан башорат қилиш қийин, юқумли касаллик одамлар орасида таріай бошлагач, вазият назорат остидан чиіиб кетади. Шунингдек, аксарият давлатларда ҳали биохавфсизлик чоралари кўрилмаган, улар бу каби яширин хужумларга тайёр эмас.

Биотеррорчиликнинг замонавий кўринишлари сифатида сунъий равишда модификацияланган организмлар саноатини ҳам санаб ўтиш мумкин. Уларнинг таъсири бир неча авлоддан кейин юзага чиқиши ва келажак учун хавф туғдириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Тиббиёт ва ветеринарияда қўлланилаётган айрим кучли бактериостатик воситалар аҳолининг табиий иммунитетини пасайтириб, одамларнинг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини ошириб юбормоқда. Тадқиқот мақсадларида ҳамда саноатда фойдаланилаётган ген-муҳандислигига оид организмларнинг 99 фоизи инсон ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайди, деб ҳисобланишига қарамасдан, яқин истиқболда улардан ким ва қандай фойдаланиши ҳақида ишонч билан бирор нарса дейиш қийин. Шундай тажовузкор генлар борки, улар аста-секинлик билан инсонни ногиронга айлантириш, онкологик касалликларни келтириб чиқариш, муҳим тана аъзоларини шикастлашга қодир. Инсульт ва инфарктларнинг кўпайиши, туғилишнинг камайиши каби ҳолатларни баъзи олимлар яширин биологик стратегия натижаси дея баҳолашмоқда. 

Бугун бутун дунё биоҳужумлар таҳликасида яшаётир, — дейди россиялик академик Михаил Пальцев. — Сибир язваси Америка аҳолисини ваҳимага солди, атипик пневмония ўз навбатида бутун дунёни зир қақшатди. Олдин инсоният учун хавфсиз саналган парранда гриппи ҳам тўлқиндек келиб, кўплаб одамларни ўз домига тортиб кетиши мумкин. Вируснинг мутацияга учраши табиий жараёнми, ёки бунда ҳам инсон қўли борми — бу ҳақда µозирча аниі хулосага келинмаган. Қадим замонларданоқ эпидемиялар минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган. Энди «табиий» хавфларга яна бир катта ва қўрқинчли хавф — биотеррорчилик қўшилди. 

Ўтган йилнинг ёзида E.coli ичак таёқчаси билан боғлиқ машмашалар кўпчиликни қизиқтириб қўйган эди. Турли синф антибиотикларига чидамли ушбу вирус қандай қилиб озиқ-овқат тизимида пайдо бўлиб қолди? Европа аҳолисини бодринглар билан эҳтиёткор «муомала»да бўлишга ўргатган E.coli нинг мазкур кўриниши О104 штаммига тегишлидир, у эса деярли ҳеч қачон антибиотикларга бардошли бўлмаган. 

Роберт Кох институти олимлари O104 штаммининг генетик тузилишини ўрганишганда, у пенциллин, тетрациклин, триметроприм-сульфаметоксазол, цефалоспорин ва яна тўрт турдаги антибиотикка чидамли эканлиги аниқланди, деб ёзади Буюк Британия Соғлиқни сақлаш агентлиги. 

The Guardian (www.guardian.co.uk.) хабарига кўра, O104 штамми таркибида иккита жуда хавфли ген TEM-1 ва CTX-M-15 бўлиб, улар 1990 йилдан буён шифокорларни ҳавотирга солиб келаётган экан. Сабаби, бу генлар инсоннинг ички аъзоларига таъсир этиб, уларнинг нормал фаолиятини издан чиқариши аниқланган. Майли, бактерия маҳсулот таркибида ўз-ўзидан вужудга келди ҳам дейлик, бироқ ундаги антибиотикларга қарши туриш хусусияти қандай шаклланди, ахир сабзавотларни ўстиришда антибиотиклардан фойдаланилмайди-ку!  

Тахмин қилинадики, ҳаёт учун хавфли бўлган E.coli лаборатория шароитида ишлаб чиқилган ва мақсадли тарзда озқі-овқат маҳсулотларига «юқтирилган» (anvictory.org).

ОАВнинг ваҳимали хабарларидан сўнг, одамлар маълум муддат бодирингларга шубҳа билан қараб юришди. Бу сунъий маҳсулот ишлаб чиқарувчи йирик компанияларнинг табиий сабзавот ва меваларни етиштирувчи оилавий фермаларга қарши қўллаган қалтис ўйини бўлиши ҳам мумкин, деб ёзади naturalnews.com сайти.

Парранда гриппи ва унинг «мантиқий давоми» бўлган чўчқа гриппи ҳам маълум мақсадларни кўзлаган ҳолда  амалга оширилган биологик урушнинг бир кўриниши деган тахминлар ҳам йўқ эмас. БССТ тахминларига кўра, H5N1 парранда гриппи вируси одам гриппи вируси билан бирикса, янгича хусусиятларга эга бўлиши ва одамдан-одамга юқа бошлаши мумкин. 2003 йилнинг февралидан 2008 йилнинг февралига қадар одамлар парранда гриппига чалинган 361 ҳолат тасдиіланган. Шулардан 227таси ўлим билан тугаган. Хитойда ва бошқа мамлакатларда кўрилаётган чораларга қарамай, инфекция ўзининг ҳукмрон ҳудудларини кенгайтиришни давом этмоқда... 

Ҳаётдаги ҳамма нарса икки хил мақсадга хизмат қилади: яхши ва ёмон. Динамит дастлаб яхши мақсадлар учун ихтиро қилинган эди. Ўз навбатида Алфред Нобельнинг ҳавотирлари ҳам ўринсиз эмасди. Хулоса шуки, бугун биз яна танлов қаршисидамиз: биология ва тиббиёт соҳасидаги ютуқлар одамларни ҳаётга қайтариши ёки аксинча, ҳаётни улардан тортиб олиши мумкин.